Муҳтарама опа-сингиллар!
Ҳурматли ҳамкасблар!
Мамлакатимиз миллий сайлов тизимда меҳнат қилаётган, сайловларни ташкил этиш ва ўтказишда фаол иштирок этиб келаётган барча ҳамкасбларимизни, сайловчиларни – опа-сингилларимизни, қизларимизни Марказий сайлов комиссияси номидан баҳор, гўзаллик ва нафосат айёми – 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами билан чин дилдан, самимий табриклаймиз.
Аёлга, онага жамиятнинг, халқнинг, умуман, инсоннинг муносабати мазмун-моҳияти қадимий ва мўътабар китобларимизда айтиб қўйилган: “Жаннат оналарнинг оёғи остидадир”.
Бугун Янги Ўзбекистонимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида аёлларимизга ҳурмат-эътибор кўрсатиш, уларни эъзозлаш борасида амалга оширилаётган эзгу ишларнинг моҳияти ота-боболаримиз асрлар оша амал қилиб келган ва келаётган худди шу қадимий ҳикматга жуда мосдир.
Миллий давлатчилигимизнинг қадимий ва бой тарихида аёлларимиз ҳеч қачон давлат ва жамиятнинг бугунгидек юксак эъзоз-эътибори ва ғамхўрлигига сазовор бўлмаган. Бугун мамлакатимиз миллий сайлов тизимида, депутатлар, сенаторлар, ҳокимлар, олималар, педагоглар, тадбиркорлар орасида – барча соҳаларда ном қозонган опа-сингилларимиз, қизларимиз тобора кўпаймоқда. Биз улар билан ҳақли равишда фахрланамиз!
Биз барча оналаримиз, бувиларимиз, опа-сингилларимиз ва қизларимизга, энг аввало, тинчлик-хотиржамлик, мустаҳкам сиҳат-саломатлик, оилавий бахт ва узоқ умр тилаймиз. Ҳаётингиздан, хонадонингиздан ҳеч қачон файзу барака аримасин. Гўзал Ватанимизнинг равнақи йўлидаги хайрли ишларингизда ҳамиша муваффақиятлар ёр бўлсин!
Доимо халқимизнинг, Ватанимизнинг, оилангизнинг юксак меҳри ва ардоғида юринг!
Эҳтиром билан,
Зайниддин НИЗАМХОДЖАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссияси Раиси