• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Ҳамкорлик тўғрисидаги келишув имзоланди
28.06.2022
1334
28 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Адлия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Судьялар олий мактаби, Жамоат хавфсизлиги университети, Бош прокуратура академияси, Ички ишлар вазирлиги академияси, Божхона институти ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги келишувни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Мазкур ҳужжатда референдум ўтказувчи комиссиялар аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш ҳамда референдум жараёнлари иштирокчиларининг ҳуқуқий маданиятини ва референдум ўтказувчи комиссиялар фаолиятининг самарадорлигини ошириш кўзда тутилган.

Шунингдек, ушбу келишувда Референдум ўтказувчи комиссиялар аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш концепциясининг ижросини таъминлаш ва “Бир фуқаро - бир овоз” тамойили қоидасини амалда қўллашга эътибор қаратилган.

Таъкидлаш лозим, жорий йилда ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси референдуми илк маротаба “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги қонунга киритилган янги қоидалар асосида ўтказилиши референдум жараёни ташкилотчилари ва иштирокчиларига катта масъулият юклайди.

Шу муносабат билан, бўлажак референдумни юқори савияда ташкил этиш, умумэътироф этилган халқаро тамойиллар, илғор миллий ва хорижий тажриба асосида ўтказиш мақсадида референдум ўтказувчи комиссиялар аъзоларининг миллий референдум қонунчилиги ва амалиёти ҳамда халқаро сайлов ва референдумга оид стандартлар бўйича билим ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлашда тизимли семинар-тренингларни ташкил этиш ва уларни илмий-методик жиҳатдан янада пухта таъминлаш лозим.

МСК томонидан мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда референдум ўтказувчи комиссиялар аъзоларининг референдум қонунчилиги ва овоз беришда замонавий ахборот технологияларини қўллаш бўйича назарий билими ҳамда амалий кўникмасини оширишга қаратилган семинар-тренингларини ташкил этиш ва ўтказилишини мувофиқлаштириш бўйича республика штаби тузилади.

Давлат бошқарув академияси, Бош прокуратура Академияси, Жамоат хавсизлиги университети, Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги мутахассислари орасидан референдумга оид қонунчилик ва амалиёт бўйича юқори малакали экспертлар таркиби шакллантирилади. Юқорида қайд этилган штаблар, экспертларнинг ваколат ва вазифалари белгиланади.

Референдум ўтказувчи комиссиялар аъзоларининг референдум қонунчилиги ва овоз беришда замонавий ахборот технологияларини қўллаш бўйича назарий билими ҳамда амалий кўникмасини мустаҳкамлашга қаратилган семинар-тренингларни ташкил этиш ва ўтказиш уч йўналишдан иборат бўлади.

Биринчи йўналишда ташкилий-услубий ишлар амалга оширилади. Хусусан юқори малакали экспертлар томонидан МСК билан келишилган ҳолда семинар-тренингларнинг ўқув дастурлари ва ўқув-услубий материаллари  тайёрланади ва тасдиқланади.

Ўз навбатида республика штаби томонидан – мамлакатнинг етакчи олий таълим ташкилотлари профессор-ўқитувчилари орасидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг ҳар бирига 6-8 нафардан жами 100 нафар республика тренерлари таркиби шакллантирилади. Ҳудудий штаблар томонидан – республиканинг 208 та туман/шаҳарлари кесимида семинар-тренингларни ташкил қилиш учун, республика штаби томонидан тайёрланган режа жадвалида белгиланган  миқдорда жами 966 нафар ҳудудий тренерлар таркиби шакллантирилади.

Иккинчи йўналишда референдум қонунчилиги бўйича ҳудудий тренерлар ва референдум ўтказувчи комиссиялар аъзолигига номзодларни (аъзоларни) ўқитиш ташкил этилади.

Давлат бошқарув академиясида юқори малакали экспертлар томонидан 100 нафар республика тренерлари учун икки кунлик ўқув-дастурига асосан семинар-тренинглар ўтказилади. Республика тренерлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси,  вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида 966нафар ҳудудий тренерлар учун икки кунлик ўқув-дастурига асосан семинар-тренинглар ўтказилади.

Шундан сўнг, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари томонидан участка комиссияси аъзолигига (раис, раис ўринбосари, котиб) номзод сифатида тавсия этилган жами 33 минг нафар тингловчилар рўйхати шакллантирилади.

Ҳудудий тренерлар томонидан туман/шаҳар марказларида референдум участкалари учун мўлжалланган биноларда 18-24 нафар тингловчидан иборат шакллантирилган гуруҳлар кесимида интерактив усулларда участка комиссияси аъзолигига номзодлар ўқитилади.

Учинчи йўналишда Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати (СЯЭР) ва Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимида (СЖБАТ) ишлаш бўйича тренерлар ва референдум ўтказувчи комиссиялар аъзолигига номзодларни ўқитиш ташкил этилади.

Ҳудудлар кесимида СЯЭР ва СЖБАТда ишлаш бўйича 600 нафар ҳудудий тренерлар таркиби шакллантирилади ва ўқитилади.

Мазкур Концепцияни самарали амалга ошириши референдум ўтказувчи комиссиялар аъзолари ҳамда референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ташкил этиш жараёнлари бошқа иштирокчиларининг референдумга оид билим ҳамда кўникмасининг юксалиши, шунингдек, референдум ўтказиш амалиётининг такомиллашишига хизмат қилади.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати