Ватанимиз истиқлолга эришганига бир йил тўлиши арафасида, 1992 йил 2 июль куни, «Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида»ги қонун қабул қилингани - улкан тарихий воқеадир. Давлатимиз герби – давлат суверенитетининг, халқимиз мустақиллигининг ва озодлигининг мустаҳкам рамзидир.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг
5-моддасида «Ўзбекистон Республикаси қонун билан тасдиқланадиган ўз давлат рамзлари — байроғи, герби ва мадҳиясига эга», деб рамзларимизнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамлаб қўйилган. Мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга бўлган байроқ, герб ва мадҳиямиз давлатимиз ва халқимиз бирлиги ва ҳамжиҳатлигининг ёрқин ифодасидир. Бу бирдамлик ўз эркига эга халқимизнинг кўнглини тоғдек кўтариб, фахр-ифтихор ва ғурур бағишлайди.
Шу маънода, гербимиз қабул қилинган қутлуғ сана муносабати билан унинг таърифини, ҳуқуқий асослари ва аҳамиятини янада астойдил ўрганамиз. Гербимиздаги ҳар бир тасвир, чизиқ, ранг, белгида халқимиз ва Ватанимизнинг бой тарихий-маънавий қадриятлари ўз ифодасини топган.
«Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида»ги қонунда Гербимизнинг тасвирига шундай таъриф берилган: «тоғлар, дарёлар ва сўл томони буғдой бошоқларидан, ўнг томони эса чаноқлари очилган ғўза шохларидан иборат чамбарга ўралган гуллаган водий узра қуёш заррин нурларини сочиб туради. Гербнинг юқори қисмида Республика ҳурлигининг рамзи сифатида саккизбурчак тасвирланган бўлиб, унинг ички қисмида ярим ой ва юлдуз тасвирланган. Гербнинг марказида бахт ва эрксеварлик рамзи — қанотларини ёзган Ҳумо қуши тасвирланган. Гербнинг пастки қисмида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини ифода этувчи чамбар лентасининг бантида «Oʼzbekiston» деб ёзиб қўйилган».
Ушбу қонунга мувофиқ, мамлакатимиз фуқаролари, шунингдек Ўзбекистонда турган бошқа шахслар Давлатимиз гербини ҳурмат қилишлари шарт.
Давлат герби тасвири мамлакатимиздаги барча давлат ташкилотлари бинолари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг муҳташам биноси пештоқига ўрнатилган. Герб тасвири муҳрларда ва давлат идоралари бланкаларида, фуқаролик паспортида, қонунда белгиланган бошқа ҳужжатларда ўз аксини топган
Мустақил мамлакатимизда ўтган барча сайловлар ва референдумларда барча округ ва участка комиссиялари биноларининг ичига қонунчиликда белгиланган тартибда, кўринарли жойга далатимиз Байроғи каби Герби ўрнатилади. Овоз бериш эса Давлатимиз гимни – миллий Мадҳиямиз ижроси билан бошланади.
Халқимизнинг бой тарихи, шарафли бугуни ва нурафшон келажагини ўзида мужассам этган миллий тимсолларимизда инсон қадри, эрки, озодлиги ва ҳуқуқларига юксак эҳтиром мужассамдир.
Барча юртдошларимизни қутлуғ сана – мустақил Ватанимизнинг Давлат герби қабул қилинган куннинг
30 йиллиги билан самимий табриклаймиз.
Марказий сайлов комиссияси