• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
«Каскад» услубида ташкил этилган ўқувлар давом этмоқда
06.07.2022
814
Референдум ўтказувчи комиссия аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш концепцияси асосида олиб борилаётган ўқув тренинглар қизғин паллага кирмоқда.

5–8 июль кунлари республика тренерлари томонидан вилоятлар ва Тошкент шаҳри марказларида 966 нафар ҳудудий, шу жумладан 56 нафар захирадаги тренерлар учун икки кунлик семинар-тренинглар бўлиб ўтади.

Бунда ҳар бир гуруҳда тингловчилар сони 20-25 нафардан тақсимланади ва республика штаби томонидан ишлаб чиқилган машғулотлар режа-жадвалига тўла амал қилган ҳолда сифатли ташкил этилиши таъминланади.

6 июль куни Марказий сайлов комиссияси Раиси Зайниддин Низамходжаев Чирчиқ давлат педагогика институти ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ташкил этилган ҳудудий семинар-тренинг машғулотлари қандай олиб борилаётгани билан танишди.

З.Низамходжаев ўз нутқида Ўзбекистон Республикаси Референдуми мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, яқин ва олис истиқбол учун белгилаб олинадиган стратегик тараққиётнинг дастурий вазифаларини амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.

Қайд этилганидек, катта сиёсий тадбир умумэътироф этилган халқаро стандартларга риоя этилган ҳолда ўтказилиши кўзда тутилган экан ўз навбатида, референдум жараёнларини миллий сайлов қонунчилигига мос тарзда, уюшқоқлик билан ташкил этиш учун Референдум ўтказувчи комиссиялар аъзолари ҳамда референдум иштирокчиларининг билими ва кўникмаси юқори даражада бўлишини тақозо этади.

Таъкидлаш жоиз, уч йўналишдаги «каскад» услубида, яъни юқоридан қуйига қараб кенгайиб, такомиллашиб борадиган йўсинда ташкил этилган ушбу семинар-тренинглар айни кўзланган мақсадларга эришишда муҳим аҳамиятга эга. Бошқа ҳудудлардаги каби, Тошкент вилоятида давом этаётган ўқувларда референдум қонунчилигидаги янгиликлар ва уларни амалиётда қўллаш масалалари юзасидан кенг тушунтириш ишлари олиб борилади.

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати