Эҳтиёжларни баҳолаш миссиясининг ташрифидан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистонда референдум олди вазият ва ушбу сиёсий тадбирга тайёргарлик кўриш жараёнларини баҳолашдан иборат.
Учрашувда ДИИҲБнинг овоз беришнинг янги технологиялари бўйича катта маслаҳатчиси Владимир Мисев Марказий сайлов комиссияси томонидан бўлажак республика референдумига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш юзасидан ЕХҲТ ДИИҲБ баҳолаш миссиясининг ўз вақтида таклиф қилингани халқаро сайлов стандартлари талабларга тўлиқ мос келишини таъкидлади.
ЕХҲТ/ДИИҲБ методологиясига кўра, Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси одатда муайян сайлов ёки референдум бошланишидан бир неча ой олдин ЕХҲТга аъзо давлатдаги сайловолди ёки референдум олди вазиятни, шу жумладан, уларга тайёргарликни баҳолаш учун юборилади.
Бўлажак республика референдумини кузатиш бўйича зарур тадбирларнинг тури, шакли, муддати ва кўлами бўйича эҳтиёжларни баҳолаш миссияси иши натижасида тақдим этилган тавсиялар асосида ЕХҲТ/ДИИҲБ референдумни кузатиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Учрашувда Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низамходжаев республика референдумига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида мутахассисларга маълумот берар экан, Конституциямизни ислоҳ қилиш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий воқеа эканини таъкидлади.
– Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 20 июнь куни Конституцияни ислоҳ қилиш бўйича Конституциявий комиссия аъзолари билан бўлиб ўтган йиғилишда конституциявий ислоҳотларнинг тўртта устувор йўналишига тўхталиб, уларнинг ҳар бири бўйича ўз таклифларини билдирди. Президентимиз Конституция лойиҳасини умумхалқ муҳокамасида кўриб чиқиш ва уни референдум йўли билан қабул қилишни ҳам таклиф қилди, – деди З. Низамходжаев.
Шу кунларда «Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси муҳокамаси халқимизнинг фаол иштирокида қизғин давом этмоқда ва муҳокамалар 1 августга қадар давом этади.
Мулоқот чоғида Ўзбекистонда барча жабҳаларда, жумладан, сайлов тизимида ҳам мамлакат тараққиётининг устувор йўналишлари, энг юксак демократик талаблар ва халқаро ҳуқуқий меъёрларга жавоб берадиган демократик ислоҳотлар амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди.
Хусусан, 2022 йил 16 июндаги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун билан бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгани сайлов қонунчилигидаги сўнгги янгиликлардан биридир.
Таъкидлаш жоиз, Сайлов кодексида 2019 йилги парламент сайлови якунлари бўйича ЕХҲТ/ДИИҲБ тавсиялари асосида киритилган қатор муҳим қоидалар ўз аксини топган, «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги қонуннинг айрим нормалари Сайлов кодекси ва бошқа ҳужжатлар асосида мувофиқлаштирилган.
Қайд этилганидек, бугунги кунда бўлажак референдумга тайёргарлик кўришдаги устувор вазифалардан яна бири МСКнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини амалдаги қонунчиликка мувофиқлаштиришдан иборат. Комиссиянинг сўнгги мажлисларида референдумга тааллуқли бир қатор муҳим ҳуқуқий ҳужжатлар: Референдум ўтказувчи округ ва округ комиссиялари тўғрисида, референдум ўтказувчи участка ва участка комиссиялари тўғрисида, Ўзбекистон Республикаси референдумида иштирок этувчи хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кузатувчилар тўғрисидаги низомлар қабул қилинди.
Учрашувда референдум ўтказувчи округ ва участкалар, референдум комиссиялари ишини тўғри ташкил этиш бўлажак референдумнинг сифати ва савиясига бевосита таъсир кўрсатувчи муҳим омиллардан бири экани алоҳида таъкидланди.
Шу муносабат билан Референдум комиссиялари аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш Концепцияси ишлаб чиқилди. Концепцияга кўра, қисқа муддатда миллий қонунчилик ва референдум амалиёти, халқаро стандартлар бўйича комиссиялар аъзолигига номзодларнинг бир юз қирқ минг нафардан ортиғининг билим ва кўникмаларини ошириш, уларни референдумга оид қонун ҳужжатларидаги янгиликлардан хабардор қилиш зарур.
Тадбирда Марказий сайлов комиссияси фаолияти ва сайлов жараёнларига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишни янада такомиллаштириш референдумга тайёргарлик кўришнинг яна бир устувор йўналиши сифатида қайд этилди.
Шундан келиб чиқиб, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, Ички ишлар вазирликлари, Давлат персоналлаштириш маркази, Кадастр агентлиги билан ҳамкорликда сайлов жараёнлари ахборот тизими ва сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини янада такомиллаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Учрашув якунлари бўйича ЕХҲТ ДИИҲБ Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси экспертлари мамлакатимизда сайлов қонунчилиги ва амалиётини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ишларни ижобий баҳолаб, бўлажак республика референдуми умумэътироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида юқори ташкилий савияда ўтишига ишонч билдирди.
Марказий сайлов комиссияси