Азиз юртдошлар!
Муҳтарам устозлар ва мураббийлар!
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси жамоаси номидан сизларни халқимизнинг севимли байрами – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий табриклайман.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, ушбу қутлуғ айёмда барчамиз бизга илм ўргатган, ҳаёт сабоғини берган жонкуяр, фидойи ўқитувчи ва мураббийларимизга чуқур ҳурмат бажо келтириб, чин дилдан таъзим қиламиз.
Янги Ўзбекистонда таълим-тарбия жараёнларини янги, янада юксак поғонага кўтариш, ўқитувчилар ва мураббийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, педагоглик касбининг нуфузини ошириш масалалари доимий эътиборда. Бундай юксак эътибор ва улкан ғамхўрлик ўзининг юксак самараларини бераётганини барчамиз ҳаётда кўриб, билиб турибмиз.
Ушбу умумхалқ байрами кунларида ўқитувчилар, мурабиийлар, тарбиячилар – бир сўз билан айтганда - педагоглар мамлакатимиз миллий сайлов тизимининг энг жонкуяр фаоллари эканини ҳам алоҳида таъкидлагим келади. 2021 йили ўтган Президент сайловида округ сайлов комиссияларининг таркибида педагоглар 33 фоизни, участка сайлов комиссияларида эса қарийб 52 фоизни ташкил этгани бунинг яққол далилидир.
Мамлакатимиздаги фидоий ўқитувчилар ва мураббийларни, барча юртдошларимизни ушбу шодиёна кун – 1 октабрь байрами билан чин дилдан муборакбод этиш бизга алоҳида мамнуният бағишлайди.
Энг аввало, она Ўзбекистонимиздан тинчлик-хотиржамлик, осойишталик ва фаровонлик, устозларимизнинг, барча юртдошларимизнинг ҳаётидан, хонадонидан ҳеч қачон файз-у барака, қувонч аримасин. Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги, ёшлар таълим-тарбияси йўлида олиб бораётган ибратли фаолиятингизда юксак мувафаққият ва омадлар ёр бўлишини тилаймиз.
Зайниддин НИЗАМХОДЖАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссияси
Раиси