Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясида ўтган навбатдаги мулоқот ҳам халқимизнинг ана шу севимли байрамига бағишланди.
Тадбирда Ўзбекистон халқ ёзувчиси, “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳиби, “Тафаккур” журналининг бош муҳаррири Эркин Аъзам жамоа меҳмони бўлди.
Эркин Аъзам биринчи ва иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг депутати сифатида энди истиқлолга эришган давлатимизнинг илк миллий қонунларини ишлаб чиқиш ва қабул қилишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган.
У замонавий ўзбек адабиётининг кўзга кўринган вакилларидан. “Чироқлар ўчмаган кеча”, “Отойининг туғилган йили”, “Олам ям-яшил”, “Жавоб”, “Байрамдан бошқа кунлар”, “Пакананинг ошиқ кўнгли”, “Кечикаётган одам”, “Шовқин”, “Ёзувчининг боғи” каби ўнлаб роман, қисса ва ҳикоялари адабий жамоатчилик томонидан ўзбек насрининг ютуқлари сифатида эътироф этилган. Дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган, асарларининг халқаро тақдимотлари Ғарбу Шарқнинг энг йирик шаҳарларида мутараққий оламнинг атоқли жамоат, фан ва маданият арбоблари, мунаққидлари иштирокида ўтказилган забардаст адиблар нафақат Ватанимизда, балки хорижда ҳам кўп эмас.
Бугун ёзувчининг ижоди мустақил Ўзбекистоннинг иқтидорли ёш ижодкорлари учун ўзига хос адабий мактаб бўлиб хизмат қилмоқда. Асарлари адабиёт ва санъат ихлосмандлари томонидан доимо юксак қадрланади. Уларда илгари сурилган эзгу ғоялар ва орзулар авлодларни инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда.
Эркин Аъзам – ижтимоий фаол ижодкор. Унинг теран ва ўткир публицистикаси, адабий-фалсафий мақолалари чуқур мантиқийлиги, долзарблиги билан ўқувчиларда доим катта қизиқиш уйғотади. Газета-журналларда, телевидениеда ва интернет нашрлардаги чиқишлари буни яққол кўрсатиб турибди
Тадбирда давлат тилини ривожлантириш, сайлов қонунчилиги ва амалиёти, парламент ҳаёти, маънавият, адабиёт, китобхонлик каби мавзуларда қизиқарли суҳбат бўлди.
Марказий сайлов комиссиясининг
Матбуот хизмати