• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
МСК делегацияси “Демократик таназзул даврида сайлов органларини ҳимоя қилиш” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этди
21.10.2022
1049
2022 йил 20 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси З.Низомходжаев бошчилигидаги делегация БСОА ва Жанубий Африканинг Мустақил сайлов комиссияси томонидан ташкил этилган “Демократик таназзул даврида сайлов органларини ҳимоя қилиш” халқаро конференциясида иштирок этди.

Конференция давомида глобал демократик таназзулнинг бугунги ҳолати таҳлил қилиниб, ушбу ҳодисанинг назарий изоҳи, унинг намоён бўлиши, тенденциялари ва демократик таназзулнинг глобал миқёсдаги таъсирини ўрганишга оид маърузалар тингланди.

Демократик таназзулнинг сайлов жараёнларига таъсири масалаларига алоҳида эътибор берилди.  Таъкиланишича, демократик таназзул сайловни бошқариш самарадорлиги, жамоатчилик иштироки ва сайловнинг адолатлигига таъсир қилмоқда. Сайловни бошқариш ва сайловда манфаатдор томонларга тааллуқли асосий масалаларни биргаликда аниқлаш, ушбу муаммоларни ҳал этиш мақсадида инновацион стратегияларни ишлаб чиқиш  юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, конференцияда, Африка, АҚШ ва Осиё давлатлари мисолида, сайлов жараёнларида демократик таназзул оқибатларини юмшатиш бўйича қитъа даражасидаги турли ташаббуслар – сайловни бошқариш органлари олдида турган техник, операцион ва молиявий муаммоларни ҳал қилишнинг инновацион усуллари муҳокама қилинди.

БМТ Тараққиёт дастури, Халқаро демократия ва сайловга кўмаклашиш институти (IDEA), Африкада барқарор демократия сайлов институти (ЕISА), Хавфсизликни ўрганиш тадқиқот институти (ISS) вакилларининг маърузаларида демократик таназзул туфайли юзага келган ҳолатларга қарши курашиш, сайловларни бошқариш ва сайлов демократиясининг барқарорлигини мустаҳкамлаш бўйича сайловларга кўмаклашувчи етакчи агентликларнинг амалий тадқиқотларининг натижалари тақдим этилди. 

ЕХҲТ ДИИҲБнинг Сайловлар бўлими, БМТнинг Сиёсат ва тинчлик ўрнатиш департаменти ҳамда бошқа глобал, қитъа ва ҳукуматлараро ташкилотларнинг вакиллари иштирок этган сессияда демократик таназзул муаммосини ҳал этишда ҳукуматлараро органларнинг иштироки масалалари кўриб чиқилди. Тақдимотларда ушбу ташкилотлар гуруҳи томонидан барча қитъаларда ривожланаётган демократик давлатлар ва мамлакатларда инқирозли вазиятлардан кейин сайлов институтларини мустаҳкамлашга доир чора-тадбирлар хусусида сўз юритилди.

Конференция унда кўтарилган асосий масалаларни сарҳисоб қилиш ва сайлов бошқарувининг барқарорлигини ошириш бўйича келгусидаги чора-тадбирларга оид таклифларни илгари суриш билан якун топди.