Куни кеча, 27 октябр куни Бишкек шаҳрида (Қирғизистон) ЕХҲТ ДИИҲБнинг “ЕХҲТ ДИИҲБ тавсияларини амалга оширишнинг илғор амалиётлари” мавзусидаги давра суҳбати бўлиб ўтди.
Давра суҳбатида Албания, Арманистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Молдова ва Ўзбекистоннинг сайлов органларидан вакиллар, ЕХҲТ ДИИҲБ ходимлари ва экспертлари, шунингдек, фуқаролик жамияти институтларидан вакиллар иштирок этди.
Мазкур тадбирдан кўзланган мақсад ЕХҲТ ДИИҲБнинг сайловлар бўйича тавсияларини ва таклифларни бажариш билан боғлиқ муаммолар ва илғор тажрибаларни муҳокама қилишдан иборат.
Давра суҳбати иштирокчиларини ЕХҲТ ДИИҲБ собиқ директори Одри Гловер, Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси раиси Нуржан Шайлдабекова, ДИИҲБнинг сайлов бўйича катта маслаҳатчиси Алексей Громов қутладилар.
Давра суҳбатида сайловларни кузатиш натижалари бўйича ДИИҲБ тавсияларини амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди, шу билан бирга, уларни амалга оширишда иштирокчи давлатларга бюронинг кўмаклашишдаги роли таъкидланди.
Давра суҳбатининг биринчи сессияда Қирғизистон, Албания ва Арманистон сайлов органларининг сайлов жараёнларига электрон овоз бериш тизимини жорий қилиш, сайловчиларнинг биометрик идентификацияси ва бошқа ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш бўйича амалиётлари муҳокама қилинди.
Иккинчи сессия сайлов жараёнининг инклюзивлигини таъминлаш масалаларига бағишланди. Қозоғистон, Молдова ва Ўзбекистон сайлов органларининг амалиёти тингланди.
Ўзбекистон МСК 2021 йилда бўлиб ўтган Президент сайлови мисолида сайлов жараёнининг инклюзивлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тақдимотини намойиш этди.
МСК раиси ўринбосари Б. Кучкаров ўз маърузасида ЕХҲТ ДИИҲБ билан фаол ҳамкорлик йўлга қўйилганлигини алоҳида қайд этди. Бюронинг сайловларини кузатиш бўйича якуний ҳисоботларида келтирилган мақбул тавсияларини амалга ошириш орқали сайловларни ўтказиш бўйича миллий қонунчилик базасини такомиллаштириш билан боғлиқ сўнгги йилларда амалга оширилаётган ўзгаришлар хусусида сўз юритилди.
Шунингдек, Б.Кучкаров ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайловолди ташвиқотида иштирок этиши учун яратилган зарур шарт-шароитлар, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш борасида турли ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида ҳам йиғилганларга атрофлича маълумот берди.
Мавзуни давом эттирган МСК аъзоси Г.Раҳимова мамлакатимизда хотин-қизларнинг сайловдаги иштирокини кенгайтириш тажрибасига тўхталиб ўтди. Сайлов ҳуқуқларини амалга оширишда, шунингдек, сайлов органларини шакллантиришда аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқ ва имкониятларини кафолатлаш масалалари кўтарилди.
Давра суҳбати якунида иштирокчилар Қирғизистон МСКда бўлиб, сайлов жараёнига жорий этилган илғор технологиялар тақдимоти билан танишдилар.
Марказий сайлов комиссияси