• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Марказий сайлов комиссияси Раиси З.Низамходжаев бошчилигидаги Ўзбeкистон делегацияси вакиллари Қозоғистонга ташриф буюрди
19.11.2022
427
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси З.Низамходжаев бошчилигидаги делегация вакиллари 20 ноябрь куни ўтказиладиган Қозоғистон Республикасида Президент сайловини кузатиш мақсадида Остона шаҳрига ташриф буюрди.

Куни кеча Қозоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Нурлан Абдиров халқаро кузатувчи сифатида ташриф буюрган Ўзбекистон делегацияси вакиллари билан учрашди.

Нурлан Абдиров учрашув давомида Президентлик сайлови юзасидан олиб борилаётган тайёргарлик ишлари, халқаро кузатувчилар ҳамда жараёнларни ёритишда оммавий ахборот воситалари вакиллари учун яратиб берилган шарт-шароитлар хусусида маълумот бериб ўтди. Хусусан, Қозоғистон Республикаси ҳудудларида 10 101 та сайлов участкаси ташкил этилган. Марказий сайлов комиссияси томонидан Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси билан ҳамкорликда тайёрланган ўқув материаллар асосида 70 минг нафардан ортиқ участка сайлов комиссиялари аъзолари сайлов қонунчилиги бўйича каскад усулида ўқитилган. Шунингдек, мазкур академия қошида ташкил этилган Элакторал маданиятни ошириш маркази томонидан сайлов комиссиялари аъзоларидан ташқари ички ишлар ходимлари, сиёсий партияларнинг кузатувчиларининг элакторал маданиятини ошириш мақсадида сайлов қонунчилиги бўйича амалий семинарлар ўтказилган. Қозоғистонда ўтказилаётган навбатдан ташқари президентлик сайловига 11 952 485 нафар қозоқ фуқаролари сайловчилар рўйхатига киритилган. 53 та хорижий давлатда 68 та сайлов участкаси ташкил этилган.

Учрашувдан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси иштирокида брифинг ташкил этилди ва унда З.Низамходжаев Нурлан Абдиров билан бўлиб ўтган учрашув тафсилотлари ва Ўзбекистон делегацияси таркиби хусусида тўхталиб ўтди.

Қозоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан берилган маълумотларга кўра, сайловни кузатиш мақсадида 10 та халқаро ташкилот ва 35 та давлатдан жами 641 нафар халқаро кузатувчилар иштирок этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, мазкур сайлов мамлакат конституциясига мувофиқ, 2024 йил 1 декабрдан кечиктирмай ўтказилиши керак эди. Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 2022-йил 1 сентябрь куни Қозоғистон халқига Мурожаатномасида муддатидан олдин президентлик сайловларини 2022 йил 20 ноябрда ўтказишни таклиф қилган эди.

Таъкидлаш жоиз, сайловда иштирок этиш учун Ижтимоий-сиёсий кучлар халқ коалициясидан, Профессионал ижтимоий ишчилар миллий алянси Республика жамоат бирлашмасидан, «Овул» Халқ демократик ватанпарварлик партиясидан, «Aманат» касаба уюшмалари республика жамиятидан, «Қозоқ аналари – дастурге жол» республика жамоат бирлашмасидан ҳамда мухолифатдаги Миллий социал-демократик партияларидан 6 нафар номзод  рўйхатга олинган.