• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Марказий сайлов комиссияси Раиси З.Низомходжаевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллиги байрами муносабати билан табриги
08.12.2022
590

Қадрли ватандошлар!

Марказий сайлов комиссияси жамоаси барча ватандошларимизни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллик байрами билан самимий муборакбод этади.

Конституциямиз қабул қилинган кундан бошлаб юртимизда демократик-ҳуқуқий давлат барпо этиш, фуқаролик жамиятини қуриш, инсон ҳуқуқлари, жумладан, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлашда Асосий Қомусимиз мустаҳкам замин бўлиб келмоқда.

Конституция жамият ҳаётида илк бор инсоннинг озод ва эркин яшаш, мулкка эга бўлиш, таълим олиш, меҳнат қилиш, сайлаш ва сайланиш каби ҳуқуқларини, сўз ҳамда эътиқод эркинликларини олий қадрият даражасига кўтарди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ҳар бир моддаси, ҳар бир бандида халқимизнинг, ҳар биримизнинг тақдиримизга тааллуқли қоидалар битилган.

Ва бу қоидаларнинг амалдаги ижросини ҳар биримиз ўз ҳаётимизда ҳар куни ва ҳар қадамда сезиб, кўриб, улардан баҳраманд бўлиб турибмиз.

Миллий сайлов тизимининг шаклланиши ва ривожланиши Бош Қомусимизнинг қабул қилиниши билан бевосита боғлиқдир. Истиқлол йилларида, айниқса, сўнги йилларда, миллий анъаналаримиз ва халқаро сайлов стандартларига биноан давомий ривожланиб бормоқда.

Мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий воқеа - миллий Конституциямизни ислоҳ қилиш борасида ўз вақтида бошланган изчил ишлар ҳам ана шундай буюк ўзгаришларга ва юксалишга хизмат қилади.

Ушбу қутлуғ кунларда Сизларнинг ҳаётингиздан тинчлик-хотиржамлик, осойишталик ва фаровонлик, хонадонингиздан эса ҳеч қачон файзу барака, қувонч аримасин. Ватанимиз равнақи йўлида олиб бораётган саъй - ҳаракатларингизда юксак муваффақиятлар ва омадлар ёр бўлишини тилаймиз.

Зайниддин НИЗАМХОДЖАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссияси Раиси