“Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 16 ва 18-моддаларига, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 16-моддасига, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2022 йил 13 июлдаги 1178-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида референдум участкалари ҳамда референдум ўтказувчи участка комиссияларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга асосан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида референдум участкалари тузилади.
Ушбу қонун талабларидан келиб чиқиб, Марказий сайлов комиссияси мажлисида Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида 55 та референдум участкасини тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди ва ҳамда мазкур референдум участкаларини 14-Тошкент шаҳар референдум округига бириктирилди.
Маълумки, референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кузатувчилар, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари қатнашиш ҳуқуқига эгадирлар. Улар Марказий сайлов комиссияси томонидан аккредитациядан ўтказилади.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига асосан 2023 йил 30 апрелда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикасининг референдумида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюросидан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Шунингдек мажлисда бир қатор маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати