• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ташкилотчиларининг назарий билим ва амалий кўникмаларини ошириш учун республика тренерларини тайёрлаш мақсадида икки кунлик ўқув-амалий машғулотлар ташкил этилди
26.05.2023
845

Жорий йил 25-26 май куни “Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи комиссиялар аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш Концепцияси” асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг ташкилотчилари, хусусан округ ва участка сайлов комиссиялари аъзоларининг назарий билимлари ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш учун республика тренерларини тайёрлаш мақсадида икки кунлик ўқув дастурига мувофиқ ўқув-услубий машғулотлар ташкил этилди.

Марказий сайлов комиссиясининг аъзолари ва экспертлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси профессор-ўқитувчиларидан иборат экспертлар гуруҳи томонидан олиб борилган ўқув-машғулотида 120 нафардан ортиқ республика тренерлари ва ҳудудларга бириктирилган Олий таълим муассасалари ректорлари иштирок этди.

Ўқув-амалий машғулотлар аввалида, Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низамходжаев ҳамда Давлат бошқарув академияси ректори Адҳам Бекмуродовлар иштирок этиб мазкур тадбирнинг мазмун-моҳияти ва ундан кўзланган натижалар хусусида нутқ сўзлади.

Ўқув-амалий машғулотлар давомида “Сайловни ўтказувчи комиссияларни тузиш тартиби ва фаолиятининг асосий жиҳатлари”, “Сайловга оид халқаро стандартларнинг муҳим талаблари”, “Аввалги сайловларда йўл қўйилган камчиликлар ва уларни олдини олиш бўйича вазифалар”, “Сайловда овоз берувчи фуқароларнинг рўйхати билан ишлаш”, “Муддатидан олдин овоз беришни ташкил этиш ва ўтказиш” каби мавзу ва йўналишларда тақдимот ҳамда муҳокамалар олиб борилди.

Таъкидлаш жоиз, сайлов комиссиялар аъзолари малакасини ошириш бўйича ўқув курсларини юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш мақсадида Давлат бошқарув академияси, Тошкент давлат юридик университети, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Жамоат хавфсизлиги университети профессор-ўқитувчиларидан иборат юқори малакали экспертлар томонидан ўқув режаларига мувофиқ маъруза матни, топшириқ саволлари, тест, тақдимот, инфографика, видео-дарслар кўринишидаги  ўқув-услубий материаллар тайёрланган бўлиб, ушбу ўқув-амалий машғулотларнинг барча босқичлари ушбу ўқув-услубий материаллардан фойдаланган ҳолда, интерактив усулларда ўтказилиши режалаштирилган.

Икки кунлик семинарлар якунида тингловчиларнинг тренингдан олган билим ва кўникмалари тест орқали синовдан ўтказилди ва кутилган натижага эришган тингловчиларга сертификатлар топширилди. Республика тренерлари 29-30 май кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри марказларида бўлиб, ўзлари бириктирилган ҳудудларда 944 нафар ҳудудий тренерлар учун айнан ушбу шаклда ўқув-амалий машғулотларини ўтказадилар.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати