Хитойнинг Ўзбекистондаги Элчихонаси мурожаатига биноан янги тайинланган элчи Юй Цзюн Ўзбекистон Республикасининг бир қатор идора ва ташкилотлари расмий вакиллари билан учрашди. Жорий йил 14 август куни Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Марказий сайлов комиссияси раиси З.Низамходжаев билан учрашди.
Ўзаро дўстона руҳда ўтган учрашув чоғида Марказий сайлов комиссияси раиси жорий йил мамлакатимизда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси референдуми ва муддатидан илгари ўтказилган Президент сайловлари хусусида батафсил маълумот бериб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикасида бўлиб ўтган сайлов ва референдум жараёнларида Хитой Халқ Республикаси вакиллари сиёсий жараёнларда мунтазам иштирок этиб келишаётганлиги алоҳида таъкидланди.
Ўз навбатида, Хитой Халқ Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор элчиси Юй Цзюн Марказий сайлов комиссиясининг келгусидаги фаолияти ва олдига қўйган вазифаларни амалга оширишда муваффақият тилар экан доимий ҳамкорликка тайёр эканлигини билдириб ўтди.
Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати