Мазкур келишув Марказий сайлов комиссиясининг Хотин-қизлар қўмитаси билан хотин-қизларнинг мамлакатимизда ўтказиладиган сайловларда иштирок этишда конституцион ҳуқуқларидан фойдаланишини таъминлаш мақсадида ўзаро ҳамкорлик такомиллаштирилишини кўзда тутади.
Таъкидланганидек, жорий йилнинг декабрь ойида мамлакатимиз Парламентига, маҳаллий ҳокимият вакиллик органларига ўтказиладиган сайловларга тайёргарлик хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ортиб бораётган шароитда ўтказилмоқда.
Шу нуқтаи назардан, хотин-қизларнинг электорал фаоллигини ошириш, хотин-қизлар сафидан депутатликка номзодлар захирасини шакллантириш бўйича ишларни такомиллаштириш, шунингдек, уларни мазкур захирага киритишга тайёрлаш, хотин-қизлар қўмиталари масъул ходимларининг сайлов қонунчилигидан хабардорлиги ва ҳуқуқий саводхонлиги даражасини ошириш алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Келишув сайлов қонунчилигига оид ҳуқуқни қўллаш амалиётини биргаликда таҳлил қилиш, сайловларни ўтказишда хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини таъминлаш билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш ҳамда уларнинг сайлов ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган тавсияларни ишлаб чиқиш доирасида амалга оширилади. Шунингдек, аёлларнинг сиёсий фаоллигини ошириш масалалари бўйича қўшма форумлар ўтказиш, таҳлилий ахборот-маълумотнома материаллар ва услубий тавсияларни ишлаб чиқиш ҳамда чоп этиш, хотин-қизлар ўртасида сайлов тўғрисидаги билимлари ва ўзларининг сайлов ҳуқуқларини ҳимоя эта олишни шакллантиришга кўмак бериш мақсадида ҳуқуқий тушунтириш ишларини олиб бориш назарда тутилмоқда.
Ўз навбатида, хотин-қизлар қўмиталари раислари ва мутахассисларига сайлов жараёни соҳасидаги ҳуқуқий таълим бериш билан бирга депутатликка номзод аёллар учун сайлов тартиб-таомиллари, ҳуқуқий маданияти ва уларнинг етакчилик хислатларини оширишга қаратилган турли ҳуқуқий таълим тадбирларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Келишув Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирнинг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева томонидан имзоланди.
Тадбирда мазкур келишувни амалга оширишга қаратилган йўл харитаси тасдиқланди.
Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати