Тренингдан мақсад – жорий йил декабрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларда сайлов комиссияси аъзоларини ўқитиш учун экспертлар ва тренерлар гуруҳини тайёрлаш, уларни сайлов қонунчилигидаги янгиликлардан хабардор қилишдан иборат бўлди.
Бунинг учун замонавий таълим технологияларини қўллаган ҳолда Давлат бошқаруви академияси билан биргаликда махсус ўқув дастури ишлаб чиқилди.
Ўқув дастурларининг 12 модулдан таркиб топган дарс жадваллари асосида ўтказилган амалий машғулотларга Адлия вазирлиги, Тошкент давлат юридик университети ва бошқа таълим муассасаларнинг масъул ходимлари ва профессор-ўқитувчиларидан иборат эксперт-мутахассислар тренерлар сифатида жалб этилди.
Ўқув машғулотларида сайлов комиссиялари ва уларнинг ваколатларини амалда қўллаш, сайлов жараёни иштирокчиларининг мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, сайловчилар рўйхатини шакллантириш борасида махсус ўқув дарслари олиб борилди.
Шунингдек, сайлов участкаларини жиҳозлаш, муддатидан олдин овоз бериш тартиби, сайлов куни бажариладиган вазифалар, сайлов натижаларини аниқлаш ва эълон қилишга оид кўникмаларни ривожлантириш ҳам машғулотлар кун тартибидан жой олди.
Тренинг жараёнида интерфаол суҳбат, гуруҳий муҳокамада қатнашиш, вазиятларни таҳлил қилиш, ролли ўйинлар, "ақлий ҳужум", кичик гуруҳларда ишлаш, баҳс-мунозара, психологик ва ривожлантирувчи машқлар ва тақдимот каби педагогик технологиялар орқали турли вазиятларда муаммоларни ҳал қилиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Тренинг якунлари бўйича тингловчиларда сайловга оид қонунчилик ва сайлов жараёнида вужудга келадиган турли масалалар юзасидан зарурий билим ва кўникмалар ҳақида тушунчалар берилиб, сертификатлар топширилди.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатнинг барча вилоятларидан ташриф буюрган 400дан ортиқ эксперт-тренерлар ўқув машғулотларида ўзлаштирган билимлари асосида келгусида ўз ҳудудларида сайлов қонунчилиги ва уни ташкил этиш борасида тренинглар олиб борадилар.
Ҳудудларда жорий йилнинг июль-декабрь ойлари давомида сайлов жараёнининг барча босқичларини қамраб олган ҳолда босқичма-босқич ўқув машғулотларини ўтказилиши давом эттирилади.
Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати