• eye Maxsus imkoniyatlar
Бўлажак Парламент сайловларини ЕХҲТ ДИИҲБнинг тўлақонли миссияси кузатиб боради
29.08.2019
2070
Хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар кузатувчиларининг иштироки демократик сайловларни очиқ ва ошкора ўтказишнинг муҳим омили ҳисобланади. Шу боис сайловларнинг халқаро кузатуви бутун дунёда тан олиниб, демократик жараёнларни, умумэътироф этилган инсон ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш, уларга риоя этилишини таъминлашнинг муҳим вазифаларидан бирига айланган.

Илгари Марказий сайлов комиссияси томонидан мамлакатимизнинг ушбу муҳим сиёсий тадбирни очиқ ва ошкора, умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартларига мувофиқ равишда ўтказишга тайёрлигини инобатга олиб, халқаро мажбуриятлардан келиб чиққан ҳолда, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ) га сайловолди вазиятини ва шу йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловларига тайёргарликнинг боришини баҳолаш учун таклифнома юборилган эди.

Эҳтиёжларни баҳолаш бўйича миссия (ЭБМ) сайловолди муҳити ва уларга тайёргарлик жараёнини, мамлакатда эркин ва демократик сайловлар ўтказилишини таъминлаш бўйича амалга оширилган чора-тадбирларни ижобий баҳолади. Яқин орада ЕХҲТ Доимий Кенгаши томонидан тўлақонли кузатув миссиясини юборишнинг мақсадга мувофиқлиги бўйича қарор қабул қилиниши билан парламент сайловларига тўлақонли кузатув миссиясини юбориш ниятини билдирди.

Хусусан, ЕХҲТ ДИИҲБ ЭБМнинг ҳисоботида таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида иқтисодиёт ва давлат бошқаруви соҳасида, шу жумладан валютани тартибга солишни либераллаштириш, виза режимини соддалаштириш ва қўшнилар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш, бир қанча сиёсий маҳбусларни озод этиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимидаги узоқни кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотларнинг янги босқичи кенг кўламли миссияни жўнатиш учун асос бўлади.

Бўлажак сайловлар ЕХҲТ ДИИҲБ томонидан мамлакатнинг демократияга ўтишидаги муҳим сиёсий воқеа сифатида баҳоланмоқда.

Ҳисоботда сайловлар сайлов қонунчилиги сезиларли даражада янгиланган шароитда ўтиши алоҳида таъкидланган.

Ўзбекистон томонидан жазони ўташ жойларида сақланаётган айрим тоифадаги шахсларнинг сайловларда иштироки борасидаги чекловларнинг олиб ташлангани; тўғридан-тўғри сайлов принципларига зид бўлган Қонунчилик палатасидаги ўринлар учун квоталар институтининг бекор қилингани ва ЕХҲТнинг яна бошқа бир қатор тавсиялари бажарилгани ижобий баҳоланмоқда.

Сайлов кодексининг қабул қилиниши ва унинг ЕХҲТ ДИИҲБ ва Венеция Комиссияси экспертизасидан ўтказилгани тўлиқ қўллаб-қувватланмоқда.

Муҳим ижобий ўзгаришлар сифатида қуйидагилар алоҳида таъкидланган:

- Марказий сайлов комиссиясининг аҳолини бўлажак сайловлар борасида кенг хабардор қилиш режалари;

- округ ва участка сайлов комиссияларининг аъзоларини сайловларни ўтказишнинг барча жиҳатлари бўйича сифатли ўқитишга йўналтирилган каскад услубидаги тренингларни бутун мамлакат бўйлаб ташкил этиш;

- “оилавий овоз бериш”нинг олдини олиш бўйича тизимли иш олиб бориш;

- сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини амалиётга жорий этиш;

- имконияти чекланган шахсларнинг овоз беришда иштирок этиши учун зарур шароитлар яратиш.

Бундан ташқари, Эҳтиёжларни баҳолаш миссиясининг ҳисоботида айрим танқидий эътирозлар ҳам келтирилган. Мазкур эътирозларни жиддий ўрганиб чиқиш ва бартараф этиш бўйича таклифлар тайёрлаш учун ишчи гуруҳи тузилган. Айни пайтда, бир қатор масалалар бўйича Ўзбекистоннинг сайловларни ўтказиш борасидаги кўп йиллик тажрибага асосланган ўз принципиал позицияси бор.

ЕХҲТ ДИИҲБ миссиясининг бўлажак ташрифи чоғида биз мазкур масалаларни самарали муҳокама қиламиз ва ўзимизнинг нуқтаи назаримизни баён этамиз. Нима бўлганда ҳам, биз фуқаролар хоҳиш-иродасининг эркинлигини таъминлашга ёрдам берадиган барча тавсияларни ҳисобга олишга тайёрмиз. Бу, энг аввало, бизнинг манфаатларимизга хизмат қилади.

Ўтган вақт мобайнида Ўзбекистон ЕХҲТ ДИИҲБ миссиясининг сайловларни кузатиш борасидаги бир қатор тавсияларини амалга ошириб бўлди. Ягона сайлов кодексининг қабул қилингани, сайлов жараёнига ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилгани, кадрлар тайёрлашнинг такомиллаштирилгани ва шу каби бошқа кўрсаткичлар бунинг ёрқин далилидир.

ЕХҲТ ДИИҲБ Кузатувчилари чекланган миссиясининг ўттизга яқин кузатувчиси иштирок этган аввалги парламент сайловларидан фарқли ўлароқ, бўлажак сайловларда уч юзга яқин вакил иштирок этиши кутилмоқда. Дастлабки маълумотларга қараганда, миссия асосий гуруҳни, шунингдек, 30 нафар узоқ муддатли ва 250 нафар қисқа муддатли кузатувчини ўз ичига олади. Узоқ муддатли кузатувчиларнинг функциясига сайлов жараёнининг турли босқичларини, жумладан, ҳудудларда кузатиш кирса, қисқа муддатли кузатувчилар уларга сайлов куни бириктирилган туманда овоз беришни кузатади.

Бўлажак сайловларда бундай кенг кўламли кузатувнинг амалга оширилиши халқимиз ўз хоҳиш-иродасини эркин билдиришининг кафолатини ва сайлов жараёнининг демократик тамойилларга мослигини холис баҳолаш имконини беради.

Мамлакатимиз парламентига бўлажак сайловларда кузатувчиларнинг кенг ва фаол иштирокини таъминлаш Ўзбекистон Республикасининг демократик давлат сифатида нуфузининг янада юксалишига хизмат қилади.

 

Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссиясининг Раиси
М.Абдусаломов