• eye Maxsus imkoniyatlar
БМТ билан ҳамкорлик доирасида лойиҳа фаолияти йўлга қўйилади
10.09.2019
2113
Аввал хабар берганимиздек, мамлактимизга Бирлашган миллатлар ташкилоти Тараққиёт дастури(БМТТД)нинг Брюссель шаҳридаги (Бельгия) идораси сайловларни ўтказишда кўмаклашиш бўйича мутахассиси Дан Малинович ташриф буюрди.

Дан Малинович Марказий сайлов комиссиясига қилган ташрифидан ташқари Олий Мажлис палаталари, Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили идораси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Олий суд, Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон ногиронлар ассоциациясида ҳам учрашувлар ўтказди.

Жорий йилнинг 10 сентябр куни МСКда мутахассиснинг Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов билан якуний учрашуви бўлиб ўтди.

Ташриф чоғида икки босқичдан иборат кенг кўламли лойиҳанинг келажакдаги асосий йўналишлари муҳокама қилинди. Лойиҳанинг биринчи босқичи сайловга қадар бўлган давр учун, яъни 2019 йилнинг декабрь ойигача мўлжалланган бўлиб, унда МСК фаолиятига ёрдам бериш ва сайловлар бўйича халқаро эксперт белгилаш, сайлов ташкилотларидан ва ОАВда сайлов жараёнларини ёритиш бўйича журналистлар, блогерлар малакасини оширишга қаратилган тадбирларни ўтказишдан иборат.

2020-2021 йилларда лойиҳанинг иккинчи босқичи амалга оширилади ва унда сайловчиларни рўйхатга олиш ва овоз бериш жараёнларини моддий-техник қўллаб-қувватлаш, сайлов қонунчилиги ва замонавий технологиялар бўйича ўқув марказнинг институционал салоҳиятини мустаҳкамлаш ва янада такомиллаштириш, шунингдек, фуқароларнинг сайлов фаоллигини оширишга қаратилган тадбирлар амалга оширилади.

Учрашув якунида томонлар шу йилнинг октябрь ойидан ушбу лойиҳа фаолиятини йўлга қўйиш ҳақида келишиб олдилар.


Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати