• eye Maxsus imkoniyatlar
Сурхондарё вилоятида жорий йилнинг 22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларга пухта ҳозирлик кўрилмоқда.
29.10.2019
1365
Мамлакатимиз ҳаётида муҳим аҳамият касб этадиган бу сиёсий жараённи юксак савияда ташкил этиш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 11, халқ депутатлари вилоят Кенгашига 60, туман, шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи 409 сайлов округи ҳамда 785 сайлов участкаси тузилди. Округ, участка сайлов комиссияларининг самарали фаолият юритиши учун қулай шароит яратилиб, улар жойлашган бинолар, комиссия аъзолари хоналари миллий қонунчилигимизда белгиланган мезонлар асосида жиҳозланаётир. Сайлов участкаларида ўз хоҳиш иродасини эркин ифода этадиган фуқаролар учун ҳам барча қулайликлар яратилмоқда.

– Жорий йилги сайловларда 1 миллион 532 минг 289 сайловчи иштирок этиши кутилмоқда, – дейди халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи сайлов комиссияси раиси Ш.Бойқулов. – Бу зиммамизга масъулиятли вазифаларни юклайди. Шунга мувофиқ тегишли ишлар белгиланган режа асосида олиб борилмоқда. Барча сайлов округлари ва сайлов участкаларимиз замонавий шароитларга эга биноларда жойлашган. Уларни талаб даражасида жиҳозлаб, комиссия аьзолари, кузатувчилар ҳамда сайловчилар учун зарур қулайликларни яратиш мақсадида кўргазмали семинарлар ташкил этилмоқда. Округ сайлов комиссияларининг қонунчилигимизда белгиланган ваколатларини амалга ошириши, сайлов участкалари жойлашуви, ажратиладиган бинолар ва сайловчилар ҳақидаги маълумотларнинг аниқ, пухта бўлишини таъминлаш масалаларига алоҳида аҳамият берилаётир. Вилоят сайлов комиссияси аъзолари ҳудудларга бириктирилиб, уларга кўмаклашиш йўлга қўйилди.

Янги қабул қилинган Сайлов кодекси асосида ташкил этилаётган сиёсий кампанияга тайёргарлик ишлари ва сайлов жараёнини тезкор, холис ёритиш учун вилоят Матбуот уйи биносида Марказий сайлов комиссияси халқаро матбуот марказининг ҳудудий бўлими ҳам фаолият юритмоқда. Тезкор WiFi зонаси, компьютер ва бошқа ахборот-коммуникация технологиялари журналистлар хизматида. Сайловчиларнинг саволларига аниқ жавоб берадиган "Callcenter" фаолияти йўлга қўйилган. Видеомулоқот қилиш учун монитор ўрнатилган.

– "Янги Ўзбекистон – янги сайловлар!" шиори остида ўтадиган муҳим сиёсий кампанияга тайёргарлик жараёнини ёритишга катта эътибор берилмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи, Марказий сайлов комиссияси халқаро матбуот марказининг ҳудудий бўлими раҳбари С.Саламов. –Сайлов тарғиботини ташкил этиш, халқаро ва хорижий кузатувчилар билан ишлаш масалалари бўйича давра суҳбатлари, семинар ва бошқа тадбирлар ташкил этилмоқда. Вилоят сайлов комиссияси, сиёсий партиялар ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари иштирокида матбуот анжуманлари ўтказилаётир. Бунинг учун энг тажрибали, сайлов қонунчилигини биладиган журналистлар жалб этилган. Улар интернет тармоғи, телерадио ва босма оммавий ахборот воситаларида сиёсий кампанияга кўрилаётган тайёргарлик ишларини ёритиб, аҳолини сайловга оид янгиликлар билан тезкор таништирмоқда. Телеграмм ва фейсбукдаги саҳифаларимизда янги қабул қилинган Сайлов кодекси ҳақида тушунчалар бериб бораяпмиз.

Вилоятда Марказий сайлов комиссияси томонидан эълон қилинган "Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги"ни юқори савияда ўтказиш белгилаб олинган. Шу асосда таълим, тиббиёт муассасалари, маҳалла ва ташкилот, корхоналарда сайловларнинг аҳамияти, янги Сайлов кодексининг мазмун-моҳияти, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати каби мавзуларда давра суҳбати, учрашув ва бошқа тадбирлар ташкил этилаётир.

– Бу йилги сайловлар ўтган йилларга нисбатан ҳам очиқ-ошкора ва умумэътироф этилган демократик тамойиллар асосида ўтказилиши билан бизда катта қизиқиш уйғотмоқда, – дейди Термиз давлат университети ёшлар иттифоқи етакчиси Н.Омонов. – Шу боис талаба-ёшларимиз, айниқса, сайловларда илк марта иштирок этадиган йигит-қизлар учун турли тадбирлар ташкил этиб, уларнинг сайлов қонунчилиги бўйича билимлари, сиёсий кўникмалари оширилмоқда. Овоз бериш тартиблари кенг тушунтирилаётир. Бу ишлар талабаларимизнинг сиёсий фаоллигини янада ошириб, жамият ривожи учун ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этишида муҳим аҳамият касб этади.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА