• eye Maxsus imkoniyatlar
Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди
19.11.2019
4449
Видеоконференц алоқа шаклида ўтказилган мажлисда Марказий сайлов комиссиясининг аъзолари ва масъул ходимлари, округ сайлов комиссиялари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши,  барча вилоятлар ҳокимликлари, жамоат ташкилотлари, жумладан,  сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари  вакиллари иштирок этди.

Жорий йилнинг 19 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди.

Видеоконференц алоқа шаклида ўтказилган мажлисда Марказий сайлов комиссиясининг аъзолари ва масъул ходимлари, округ сайлов комиссиялари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши,  барча вилоятлар ҳокимликлари, жамоат ташкилотлари, жумладан,  сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари  вакиллари иштирок этди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар рўйхатидан чиқариш, Парламент қуйи палатаси депутати А. Қирғизбоевнинг ваколатини муддатидан олдин тугатиш, Оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш,  Франция Республикасида очилган сайлов участкалари фаолиятини ташкил этиш масаллари кўриб чиқилди. Шу билан бирга Халқаро матбуот маркази Қашқадарё вилояти бўлимининг сайлов жараёнига тайёргарлиги ҳақидаги ахбороти эшитилди.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 42-моддасига мувофиқ сиёсий партия Марказий сайлов комиссиясига партия томонидан кўрсатилган номзодини номзодлар рўйхатидан чиқариш ҳақида мурожаат қилиши мумкин.

Марказий сайлов комиссияси йиғилишида Ўзбекистон Экологик партияси томонидан 79-Жарқўрғон сайлов округидан номзод этиб кўрсатилган С.Халиковни, Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан 4-Амударё сайлов округидан номзод этиб кўрсатилган З.Зиядуллаевни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар рўйхатидан чиқариш тўғрисидаги мурожаатлари кўриб чиқилди.

Шу муносабат билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига 79-Жарқўрғон сайлов округидан номзод этиб кўрсатилган С.Халиков ва 4-Амударё сайлов округидан номзод этиб кўрсатилган З.Зиядуллаевлар Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар рўйхатидан чиқарилди.

Кун тартибидан ўрин олган яна бир масала - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутати А.Кирғизбоев Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Давлат тилини ривожлантириш департаментининг мудири этиб тайинланганлги, шу муносабат билан берган ўз аризасига мувофиқ унинг депутатлик ваколатини муддатидан илгари тугатиш ҳақидаги масала ҳам Марказий сайлов комиссияси томонидан кўриб чиқилиб, қарор бир овоздан маъқулланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва вилоят туман ҳамда шаҳар Кенгашларига жорий йил 22 декабрда бўлиб ўтадиган сайлов мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга. Мазкур тадбирга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларини ёритиш оммавий ахборот воситалари зиммасига катта масъулият юклайди. Кун тартибидан жой олган учинчи масала, айнан маҳаллий ва хорижий ОАВ вакилларини аккредитациядан ўтказишга бағишланди.

Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов кампаниясини ёритиш юзасидан мамлакатимиз ва чет эл журналистларидан яна бир гуруҳи аккредитациядан ўтказилди. Маълумот ўрнида қайд этиш лозим, шу кунга қадар МСК томонидан 225 дан зиёд маҳаллий ҳамда 60 дан зиёд халқаро журналистлар аккредитациядан ўтказилган.

Мажлисда Франция Республикасида очилган сайлов участкалари фаолиятини ташкил этиш юзасидан Ўзбекистоннинг Франциядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сардор Рустамбоев билан тўғридан тўғри алоқа ўрнатилди.

Тадбир давомида элчи  томонидан такидланганидек,  Марказий сайлов комиссиясининг “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлигини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида” ги қарорига мувофиқ фуқаролар, меҳнат жамоалари, турли таълим даргоҳлари ҳамда ёшлар ўртасида бир қатор учрашувлар ўтказилмоқда.

 Сайловчиларнинг овоз беришлари учун барча шароитлар яратилмоқда. Бунинг учун сайлов участкаси тузилди. Сайлов кодексига мувофиқ элчихона томонидан мазкур сайловларда иштирок этиш истагини билдирган фуқароларнинг сайловчилар рўйхатини тузиш бошланган.  Ушбу муҳим сиёсий жараёнга оид маълумотлар билан танишиш истагида бўлган Ўзбекистоннинг Франциядаги фуқаролари эндиликда элчихонанинг расмий веб-сайтига кириб, сайлов қонунчилигидаги янгиликлар, овоз бериш манзили ва куни, вақти ҳамда бошқа кўплаб ахборотларни олишлари мумкин.

Яна бир қулайлик: сайловчи олдиндан электрон рўйхатдан ўрин олиши учун қуйидаги. http://saylov.mfa.uz/ орқали  мурожаат қилиш  имкониятига эга бўлади.

- “Маълумот ўрнида шуни айтиш жоизки, хозирги кунда Европанинг нуфузли давлатларидан бири Франциядаги Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхона ва консуллик муассасаларида 398 нафар фуқаролар доимий ёки вақтинчалик рўйхатдан ўтганлар. Улар асосан Парижда ёки унга яқин бўлган ҳудудларда истиқомат қилишади. Биз уларга мамлакатимизда 22 декабрь бўлиб ўтадиган сайловлар ҳақида кенг тушунтириш бераяпмиз ва тарғибот ишларини олиб бораяпмиз. Бу ердаги Ватандошларимиз ҳам сайлов жараёнига жуда катта қизиқиш билан қарамоқдалар. Албатта уларнинг сайловда ўзлари хоҳлаган номзодган эркин овоз беришларини таъминлаш бўйича барча шарт шароитларни яратиб берамиз. Париж шаҳрида жойлашган Ўзбекистон Республикаси элчихонасида 1та сайлов участкаси ташкил этилган” деди Ўзбекистоннинг Франциядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сардор Рустамбоев.

Халқаро матбуот маркази Қашқадарё вилояти бўлимининг сайлов жараёнига тайёргарлиги ҳақидаги ахбороти тингланди.

Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро матбуот маркази Қашқадарё вилоят бўлими томонидан бугунги кунга қадар ўтказилган  900 дан зиёд тарғибот тадбири маҳаллий ва республика ОАВ орқали кенг ёритилган. Қарши телерадиоканалида 7 та, Қашқадарё вилоят телерадиокомпаниясида 32 та ролик, 18 та кўрсатув, 15 та эшиттириш ва 90 маротаба информацион дастурларида лавҳалар эфирга узатилган. “Қашқадарё” газетаси, шаҳар ва туман ижтимоий-сиёсий газеталари орқали 145 дан зиёд материаллар эълон қилинган.

 

Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати