• eye Maxsus imkoniyatlar
Азим Латипов: Аҳолининг дахлдорлик туйғуси ошиб бормоқда
22.12.2019
1282
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлигига сайловлар ўтказилаётган мазкур участкаларда овоз беришда юқори фаоллик кузатилмоқда. Биз ушбу сайлов участкаларининг бир қанчасида бўлиб, уларда қатнашаётган ўз соҳасининг таниқли пешқадамлари билан суҳбатлашди.

Бухоро вилоятида 591 сайлов участкаси ташкил этилган бўлиб, уларда 1 миллион 198 минг 600 нафардан зиёд сайловчилар рўйхатга олинган.

3.JPG

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлигига сайловлар ўтказилаётган мазкур участкаларда овоз беришда юқори фаоллик кузатилмоқда. Биз ушбу сайлов участкаларининг бир қанчасида бўлиб, уларда қатнашаётган ўз соҳасининг таниқли пешқадамлари билан суҳбатлашди.

Азим ЛАТИПОВ, Шофиркон туманидаги “Азим Шофиркон юлдузи” фермер хўжалиги раҳбари, Ўзбекистон Қаҳрамони:

– Мамлакатимизда барча жабҳалар, жумладан қишлоқ хўжалигини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Албатта, бунда парламент томонидан қабул қилинган қонунлар муҳим омил бўлаётир. Сенатор сифатида Олий Мажлис юқори палатаси йиғилишларида бу қонунларнинг қизғин муҳокамасида қатнашиб, ўз фикрларимни билдирганман.

Ҳар қандай ислоҳот самараси амалий ишларда намоён бўлади. Биз, фермерлар ҳам буни фаолиятимизда кўриб, ҳис этиб турибмиз. Кейинги йилларда давлатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасини ҳар томонлама янада қўллаб-қувватламоқда. Масалан, пахта ва доннинг харид нархи бозор талабларига мос оширилди. Экинларни суғоришда электр насосларидан фойдаланадиган фермер хўжаликлари сарфлайдиган электр энергияси харажатлари давлат томонидан қопланмоқда. Бу эса юқори ҳосилдорликка эришишга рағбат этаётир.

Жорий йилда хўжалигимиз дон ва пахтадан баракали хирмон кўтарди. Соф фойдамиз кўпайди. Жамоамиз моддий манфаатдорлиги ошди.

Ҳаёт янада ривожланишни тақозо этади. Бу демократик янгиланишларнинг муҳим жиҳати ҳамдир. Мен кўплаб сайловларда иштирок этганман. Аммо бу галги сиёсий тадбир улардан тубдан фарқ қилади. Унинг демократик талабларга ҳар томонлама ҳамоҳанг янги қонун ҳужжати асосида ўтаётгани қувонарли.

Ислоҳотларни чуқурлаштириш унинг ҳуқуқий асосларига боғлиқ. Бунда эса вакиллик органларига ташаббускор, фидоий, бюрократик ғовларга қарши қатъият кўрсатадиган кишилар келиши муҳимдир. Сайловчиларнинг фаоллиги уларнинг жамиятда кечаётган жараёнларга дахлдорлик туйғуси ошиб бораётганини кўрсатади.

Ширин ШАРИПОВ, мамлакат паралимпия терма жамоаси аъзоси, дзюдочи:

– Мамлакатимиз ҳаётида муҳим аҳамиятга эга сайловда иштирок этиш нафақат ҳуқуқ, балки дахлдорлигимизни ифода этувчи бурчимиз ҳам ҳисобланади. Буни биз, спортчилар ҳам яхши ҳис қиламиз. Сайловларда овоз бериш орқали юртимиз равнақи, унинг қудрати, дунёдаги обрў-эътибори олдида масъулиятли эканлигимизни намоён этамиз.

Мамлакат довруғини ёйишда спортнинг ўрни беқиёс. Бу бизнинг зиммамизга катта масъулият юклайди, албатта. Халқаро мусобақаларда қатнашар эканмиз, ота-онамиз, юртимиз ишончини оқлаш муқаддаслигини чуқур англаймиз. Худди, шу туйғу бизга куч бағишлайди. 

Ғалабанг шарафига давлатинг мадҳияси янграб, байроғи кўтарилиши жуда ҳам фахрли. Келгуси йил Японияда ўтказиладиган ҳар тўрт йилликнинг бош мусобақаси, яъни Олимпиада ўйинларида ғолиб бўлишни мақсад қилганмиз.

Бугун мен ўзим танлаган номзодга овоз бердим. 

Эркин ЁДГОРОВ, Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА