• eye Maxsus imkoniyatlar
Ҳаракатлар стратегияси – миллий сайлов тизимидаги муҳим омил
07.02.2020
1533
Мазкур муҳим ҳужжат замирида Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини тубдан ошириш, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама жадал ривожланишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш, мамлакатни модернизациялаш ҳамда ҳаётимизнинг барча соҳаларини эркинлаштиришдек эзгу мақсад мужассам.

Ҳаракатлар стратегияси – миллий сайлов тизимидаги муҳим омил

Ўзбекистон тарихида янги тараққиёт йўли белгилаб берилган Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинганлигига уч йил тўлди. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги фармонида яқин беш йилликда мамлакатимиз забт этиши назарда тутилган улкан довонлар, халқимиз ҳаёт даражасини юксалтиришнинг замонавий механизмлари аниқ белгилаб берилган.

 

Мазкур муҳим ҳужжат замирида Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини тубдан ошириш, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама жадал ривожланишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш, мамлакатни модернизациялаш ҳамда ҳаётимизнинг барча соҳаларини эркинлаштиришдек эзгу мақсад мужассам.

 

Ҳаракатлар стратегияси жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги, хусусан, миллий сайлов тизимида изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотларда муҳим дастурул амал бўлиб хизмат қилмоқда. Ўтган уч йилда тизим тубдан ислоҳ қилинди.

 

Фуқароларнинг сайловга доир ҳуқуқларини амалга оширишга оид механизмларни такомиллаштиришга қаратилган Сайлов кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси, унинг ижросини таъминлаш Президентимизнинг 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурини тасдиқлашга доир Фармонида аниқ белгилаб берилди. Дастурга биноан, Марказий сайлов комиссияси Раиси раҳбарлигида Олий Мажлис палаталари, Адлия вазирлиги, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлар, экспертлар иштирокида ишчи гуруҳи тузилди.

 

Кодекс лойиҳасини тайёрлаш жараёнида ишчи гуруҳи томонидан ўнлаб давлатлар, жумладан, Франция, Нидерландия, Канада, Италия, Швеция, Бельгия, Польша, Албания, Беларусь, Озарбайжон, Туркия каби мамлакатлар тажрибаси ҳамда ушбу соҳадаги халқаро стандартлар пухта ўрганиб чиқилди. Сайловга доир ўндан ортиқ халқаро ҳужжатлар атрофлича таҳлил қилиниб, уларнинг асосий ғоя ва стандартлари лойиҳа нормаларига чуқур сингдирилди. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги пакт, ЕХҲТнинг инсонийлик мезонлари тўғрисидаги ҳужжатлари шулар жумласидандир. Кодекс лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасини ташкил этиш мақсадида 2018 йил 19 июлда Олий Мажлис палаталари томонидан Марказий сайлов комиссияси билан биргаликда Амалий ҳаракатлар режаси (“Йўл харитаси”) тасдиқланди. Унга мувофиқ, лойиҳа беш турдаги муҳокама ва экспертизадан ўтказилди. 18 боб, 103 моддадан иборат ушбу Сайлов кодекси Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2019 йил 25 июнда имзоланди ва кучга киритилди. Бунда, аввало, сайловга оид мавжуд бир қатор қонунлар ва қонуности ҳужжатлари яхлит ҳужжатга жамланди. Пировардида эса қонун нормалари билан сайлов жараёнларида фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларига сўзсиз риоя этилиши, сайловчиларда эркин иштирок этиши учун зарур шарт-шароит яратиш, депутатликка, Президентликка номзод кўрсатадиган сиёсий партиялар ва номзодларга сайлов кампанияси давомида тенг шароит яратиш имконияти янада мустаҳкамланди. Сайлов кодекси кучга киритилиши муносабати билан ўттизга яқин қонун ҳамда қонуности ҳужжатлари ўз кучини йўқотди.

 

Шунингдек, Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган устувор вазифалар ҳамда Президентимизнинг 2018 йил 4 октябрда қабул қилинган “Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори миллий сайлов тизимига Сайлов жараёнини бошқаришда ахборот тизими ва Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини жорий қилишнинг ҳуқуқий асосларини яратишда муҳим омил бўлди.

 

Хусусан, Сайлов жараёнини бошқариш бўйича ахборот тизими (СЖБАТ) жорий этилиб, Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати (СЯЭР) шакллантирилди. Ушбу тизим 2019 йил 22 декабрь куни мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий кенгашларга “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар”  шиори остида ўтган сайловларда муваффаққиятли қўлланди. Жумладан, фуқароларни участка сайлов комиссияларига тақсимлаш, сайловчиларни ўзи яшаб турган жойга алоқадор участка ҳақида маълумот олиши ҳамда округ ва участка сайлов комиссиялари фаолиятини осонлаштиришда муҳим ўрин тутди. Айниқса СЯЭРнинг халқаро андазалардаги “бир сайловчи — бир овоз” тамойилини амалга оширишдаги ўрни беқиёсдир.

 

Миллий сайлов тизимида  изчил ва тизимли равишда амалга оширилаётган бундай ўзгаришлар кўлами ва салмоғи Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йилида янада оширилади.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати