• eye Maxsus imkoniyatlar
Халқимизнинг ардоқли байрами
05.03.2020
1678
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 мартдаги "2020 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги қарорига биноан мамлакатимизда халқимизнинг бу улуғ байрамига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 мартдаги "2020 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги қарорига биноан мамлакатимизда халқимизнинг бу улуғ байрамига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

Шу муносабат билан ЎзА мухбири филология фанлари доктори, фольклоршунос Шомирза ТУРДИМОВга саволлар билан мурожаат қилди:

– Шомирза ака, халқимиз асрлар оша Йилбоши дея катта қувончу хурсандчилик билан нишонлаб келаётган, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан ҳам халқаро байрам сифатида эътироф этилган Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Президентимизнинг қарори миллатнинг зиёлиси, фольклоршунос олим сифатида сизни ҳам бефарқ қолдирмагани шубҳасиз...

– Ҳа, Наврўз шунчаки байрам эмас. Унинг миллат тарихи, фалсафаси, бадиияти ва санъати, маданияти, мифологик, диний ва дунёвий дунёқарашини, илмий тафаккур тарзини ўзида мужассам этган қомусий бир айём эканлиги мустақиллик шарофати билан тикланди.

Наврўз ҳамиша барча даврларда ҳам оммавий равишда катта майдонларда, сайлгоҳларда зўр тантана билан нишонланган. Каттаю кичик, ёшу қари, эркагу аёл – бутун халқнинг эзгу ниятлари, шодиёна олқишларининг қуввати қўшилиб, борлиқни онадан туғилгандай тозартиб, яшнатишга хизмат қилган. Байрамнинг тантана қилиниши, унда уюштирилган барча ўйин-томошалар, қўшиқ-рақслардан кутилган муддао ҳам ушбу мақсадга йўналтирилади. Фақат собиқ шўролар давридагина бу байрам қувғинга учради, миллат ҳаёти ва хотирасидан буткул ўчириб ташлашга ҳаракат қилинди. Шўроларнинг асл мақсади халқнинг ёдида муҳрланган хотирадан мосуво этиш, ўзлигини, қадр-қимматини билувчи авлодларнинг туғилишига йўл қўймаслик эди. Яратганга шукрлар бўлсинки, мустақиллик шарофати ила бу байрам ҳаётда яна ўз ўрнини топди, янгича мазмун ва моҳият кашф этди. Чинакамига халқ шодиёнасининг тантанасига айланди. Президент Шавкат Мирзиёев айтганидек, “Наврўз халқимизнинг маънавий қиёфасини ва покиза ҳис туйғуларини, ўлмас руҳи ва маданиятини ўзида ёрқин намоён этадиган энг кўҳна, энг севимли, чинаккам миллий айёмимиздир”.

– Улуғ аллома Абу Райҳон Берунийнинг “Бу кун – фаришталар қадрлайдиган кундир, чунки шу куни фаришталар яратилган. Бу кунни пайғамбарлар ҳам қадрлайди, чунки шу куни қуёш яратилган. Бу кунни шоҳлар ҳам қадрлайдилар, чунки бу кун йилнинг биринчи кунидир”, деб ёзгани бекор эмас. Наврўз ана шу тажрибалар, билимларнинг мевасими?

– Оқаётган вақтни тўхтатиб бўлмайди. Лекин одамизот ер юзида бино бўлибдики, ўзи яшаётган жой, атрофини ўраб турган олам, осмон ёритқичларидан улгу олиб, қуёшнинг чиқиб ботишидан кун ва туннинг ажралишини, ойнинг тўлиб камайишидан ҳафта, ойларнинг янгиланишини, фаслларнинг алмашинишидан йилнинг якунланганини англаган. Кун ва тун тенг келувчи дам янги йил бошланишидан дарак эканлигини идрок этиб, байрам қилган. Халқ ўз билим ва тажрибаларини авлодларга мерос сифатида ўтказар экан, маросим таркибидаги ҳар бир ҳаракат, айтим, қўшиқ, рақс, кўпдан-кўп образлар рамзий-тимсолий шаклда қандайдир фикрни, ахборотни, билим ва тажрибанинг қуйма хулосаларини ифодалаб келади.

Вақт оқимида ёз ва қишнинг мавсумий ўрин алмашиниши ўлиб тирилувчи табиат ҳақидаги мифологик дунёқарашларда яхлит тизим сифатида акс этади, маросим моҳиятини ташкил қилади. Аввало, кўкламда қишки уйқуга кетган табиатнинг уйғониши, бу ҳодисаларнинг илк даракчилари – бойчечакнинг очилиши, лайлакнинг келиши, Ҳулкар юлдуз туркумининг ботиб, Қамбарнинг чиқиши, ҳамма-ҳаммаси тун ва кун тенг келувчи дамга – Наврўзга даракчи бўлишган. “Лайлак келди, ёз бўлди”, “Бойчечагим бойланди, Қазон тўла айронди, Айронингдан бермасанг, Қазон-тавоғинг вайронди...”, “Тепдим сандиқ очилди, Тўрга бодом сочилди...” каби айтим-қўшиқлар мағзида ана шу муждалар турибди.

– Дарвоқе, мавсумий маросимларнинг осмон ёритқичлари ҳаракатига уйғунлиги, ёз-кўкламнинг келиши Қамбар юлдузи, қишнинг келиши Ҳулкар юлдузининг кўринишига боғлиқ эканлиги ҳақидаги билимлар халқ ўртасида кенг ёйилган нақл ва афсоналар орқали ҳам етиб келган. Наврўз билан боғлиқ маросимлар ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз...

– Наврўзда ўтказиладиган маросимларнинг ҳам алоҳида мазмун-маъноси бор. Баҳор ўсимлиги тимсоли сифатида эъзозланувчи бойчечак ҳақидаги қўшиқлар бевосита Йилбошида ўтувчи Бойчечак маросимининг бугунги кундаги акс-садоси дейиш мумкин. Бойчечак маросими республикамизнинг деярли барча вилоятларида, баъзи ўринларда қисқа урф-одат кўринишида, бир қатор ҳудудларда фақат қўшиқ шаклида сақланиб келмоқда. Қадим Бойчечак маросими Жиззах, Ғаллаорол, Самарқанд, Ургут, Наманган, Андижонда болалар томонидан уюштирилувчи урф-одат шаклида сақланганлиги қайд этилган. Бунда болалар илк чиққан бойчечакни олиб, худди Рамазон қўшиғини айтгани каби хонадонма-хонадон юриб, қуйидаги қўшиқни айтишган:

Бота-бота бойчечак,

Уйингизга чоч тилла,

Худойим ўғил берсин,

Отгинаси Раҳматилла...

Ёки:

Бака-бака-бот, бой тилла,

Эшигингизга ой тилла...

Хонадон эгалари бойчечакчиларга худди Рамазон айтиб келувчиларга тортиқ берганидек, кўнгилларидан чиқариб ҳадялар улашишган, болалар қўлидаги бойчечакни тавоб этиб, "Омонлик, сомонлик, ҳеч кўрмайлик ёмонлик", дея олқишлар айтишган.

Тортиқ олганлар эса хонадон эгасига худди рамазончилар айтгандек тилаклар билдиришган. Аслида бугун урфга айланган Рамазон айтиш одати Бойчечак маросимининг тадрижий, ўзгарган шакли ҳисобланади.

Қуйидаги нақлда айтилишича: ёз вақти Ҳулкар ер остига кириб кетар экан. Ана шундай кунларнинг бирида туя, от, сигир, эшак, қўй, эчки келишиб, Ҳулкарни ер тагидан чиқармасликка аҳд қилишибди. Навбат билан Ҳулкар чиқадиган ерни беркитиб, пойлаб турадиган бўлишибди. Эчкининг гали келганида унинг тоқати тоқ бўлиб, бу қачон чиқади, бир ўтлаб келай деб, ўйинга берилиб, Ҳулкарни унутибди. Бир пайт келиб қараса, Ҳулкарнинг боши кўриниб, чиқиб келаётганмиш. Эчки шошиб туёғини тешикка босибди. Ҳулкар унинг туёғини тешиб, осмонга учиб чиқиб кетган экан. Агар эчки вақтида олдини олганида, Ҳулкар ер остида қолиб, ҳамиша ёз бўлар экан.

Нима учун эчки? Нақлдаги от, туя ёки бошқа ҳайвонлар эмас, айнан эчки Ҳулкарни қўйиб юборади? Аслини олганда, эчки ёки улоқ бизда кўклам (ёз) тимсоли ҳисобланади. Халқнинг тасаввурлар тизимида турувчи маросимлар, жумладан, фольклорда ҳам ҳар бир ҳодисотнинг ўз тимсоли яратилган. Масалан, кўкламнинг зооморфик тимсоли эчки бўлса, қиш мавсуминики бўри образидир. Ёз ва қиш маросимларида, нақл, айтим, қўшиқларида келувчи ушбу эчки ва бўри образлари ёз ва қишнинг рамзий-тимсолий мазмунини англатиб келади. Эндиликда болалар фольклори намунасига айланган қуйидаги тўртликка диққат қаратайлик:

Ёмғир ёғалоқ,

Эчки чақалоқ,

Бойнинг қизининг,

Қорни юмалоқ...

“Ёмғир ёғалоқ” дегани – ёмғир ёғишга ҳозирлик кўрмоқда мазмунини берса, “эчки чақалоқ” мисраси – ҳали эрта кўклам, эрта кўклам бўлгани билан ёмғир нимагадир кечикмоқда, “бойнинг қизининг” мисрасидаги “бой” образи Бобо деҳқон тимсоли бўлиб, унинг қизи – ҳайдаб, уруғ қадалган ердир. Қўшиқда бу ернинг “қорни юмалоқ”лиги айтилмоқда. Қўшиқ замиридаги маъно халқнинг “қорни юмалоқ”, “икки қат” иборалари орқали билдирилувчи ҳомилага ишора қилмоқда. Яъни ер ҳосил ҳомиласига эгалиги билдирилмоқда. Ушбу қўшиқ уруғ тушган ердан экин униб чиқиши учун ёмғир кераклиги ҳақидаги халқ истак-хоҳишини ифодаламоқда. Бу қўшиқ кечикаётган ёмғирни чақириш учун ўтказилган маросим қўшиғининг бизгача омон қолган бир қисми, холос.

Бир сўз билан айтганда, Наврўз байрами халқимизнинг қон-қонига сингишган, она сутидек азиз байрамдир. Наврўз билан боғлиқ удумлар, наврўз таомлари, байрамнинг ўтиш тартиби, барча-барчаси халқимизнинг миллий ўзлигини намоён этувчи маънавий ҳодиса, барҳаёт анъана, асл қадрият ҳисобланади.

Наврўз нафақат табиатнинг ўзгариши, яшариши, балки инсон қалби, руҳияти ва тафаккур тарзининг ҳам янгиланишидир. Инсон табиатни англаш орқали, ўзлиги, «мен»лигини кашф этади, қалбида ўзига ишонч, эртанги кун умиди уйғонади. Шунинг учун ҳам бу байрам ҳамма даврларда ҳам тинчлик, осойишталик, тотувлик, дўстлик, юртга, она табиатга меҳр-муҳаббатнинг таронаси, ҳар инсоннинг ўз халқи, унинг тарихи ва маданиятига бўлган ҳурматининг нишонаси бўлиб келган. Эндиликда ана шу маъно ўзининг чинакам мазмунига эга бўлди.

Озода БЕКМУРОДОВА

Суҳбатлашди