Арманистонда Конституциявий суднинг кўпчилик аъзолари истеъфоси тўғрисидаги 5 апрелга белгиланган референдуми камида 50 кунга қолдирилди. Бу COVID-19 коронавируси тарқалиши туфайли Aрманистон ҳукумати бир ой давомида фавқулодда ҳолат жорий этгани билан боғлиқ.
Арманистон жорий йилнинг 16 март куни соат 18:30 дан 14 апрель соат 09:00 гача фавқулодда ҳолат эълон қилди.
Aрманистон Конституциясига биноан, ҳукуматнинг фавқулодда ҳолат эълон қилиш тўғрисидаги қарори парламент махсус йиғилишида маъқулланиши керак. Фавқулодда ҳолатнинг ҳуқуқий режими қонун билан белгиланиши лозим, у депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Фавқулодда ҳолат 5 апрелга белгиланган конституцион референдумни ўтказишга имкон бермайди.
Aрманистон Конституциясига биноан “фавқулодда ҳолатлар ёки ҳарбий ҳолат даврида, фавқулодда ҳолат ёки ҳарбий ҳолат жорий этилган ҳудуднинг катталигидан қатъи назар, референдум ўтказилиши мумкин эмас”. Бундан ташқари, овоз бериш “уруш ҳолати ёки фавқулодда ҳолат тугаганидан кейин” ўтказилиши керак.
Референдумда Aрманистон фуқаролари раис Храйр Товмасян бошчилигидаги мамлакат Конституцион суди аъзолари кўпчилигининг истеъфоси тўғрисида қарор қабул қилишлари керак. Референдумни ўтказиш таклифини Бош вазир Никол Пашинян билдирган.