• eye Maxsus imkoniyatlar
Марказий сайлов комиссиясининг онлайн мажлиси бўлиб ўтди
01.05.2020
1649
Йиғилиш кун тартибидан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Котибияти тўғрисидаги низомга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги ҳамда Ў.Барноевни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари рўйхатидан чиқариш тўғрисидаги масалалар ўрин олди.

Марказий сайлов комиссиясининг онлайн мажлиси бўлиб ўтди

1 май куни Марказий сайлов комиссиясининг онлайн тарздаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Марказий сайлов комиссияси раҳбарияти ва комиссия аъзолари иштирок этди. 

Йиғилиш кун тартибидан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Котибияти тўғрисидаги низомга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги ҳамда Ў.Барноевни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари рўйхатидан чиқариш тўғрисидаги масалалар ўрин олди.

Мажлисда, мамлакатимизда пандемия ҳамда унинг таъсирида юзага келган салбий оқибатларга барҳам бериш ва юмшатиш борасида олиб борилаётган изчил ишлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди.  Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбек тили ва байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунининг қабул қилиниши тил, маърифат ва маънавият масалалари давлатимизнинг доимий эътиборида эканлигидан ёрқин далолатдир. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни талабларини мамлакатимиз сайлов тизимида собитқадамлик билан таъминлаш Марказий сайлов комиссияси томонидан амалга оширилаётган ишларнинг устувор  йўналишларидан бири этиб белгиланган.

Шулардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 январдаги “Мамлакатда давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига ва Сайлов кодексининг 14-моддасига мувофиқ, Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 18 январда тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Котибияти тўғрисида”ги низом иловасига асосан қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раисининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчисининг функционал вазифалари белгиланди. Раис маслаҳатчиси мамлакатнинг сайлов тизимида маънавий-маърифий соҳага ва давлат тилига оид қонун ҳужжатлари, дастурлари ва “йўл хариталари”нинг ижросини таъминлашда иштирок этади.

Маънавий-маърифий соҳага ва давлат тилига оид қонун ҳужжатларига риоя этилишини, маънавий-маърифий тадбирлар ва МСК ходимлари фаолиятида давлат тилидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш борасидаги ишларни танқидий ўрганиш, бу борада аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирларни амалга оширади.

Онлайн тарзда олиб борилган йиғилишда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 4-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14 ва 16-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг “Ў.Барноевни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари рўйхатидан чиқариш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Ўктам Исоевич Барноев Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 февралдаги ПФ-5949-сон Фармонига биноан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тасдиқланганлиги муносабати билан ҳамда ўзининг берган ёзма аризасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари рўйхатидан чиқарилди.

Мажлисда Марказий сайлов комиссияси ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати