Илгари хабар берганимиздек, Қирғиз Республикасида навбатдан ташқари президент сайловлари ва Қирғизистоннинг бошқарув шаклини аниқлаш учун референдумларни кузатиш учун юборилагн Ўзбекистон делегацияси вакиллари бугун сайлов участкаларида яратилган шароитлар ва овоз бериш жараёнларига тайёргарлик ишлари билан танишишди.
Хусусан, ШХТ миссияси кузатувчилари таркибида бўлгани Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоси Б.Юнусов Бишкек шаҳрида жойлашган 1045 сайлов участкасидаги шароитлар билан танишди.
Участка котиби М.Иманкулова унга овоз беришга тайёргарлик ҳамда сайловчилар орасида коронавирус инфекциясининг тарқалишини олиш мақсадида кўрилган чоралар, жумладан антисептик воситалар ва оралиқ масофани сақлашга чорловчи плакатлар билан таъминланганлик юзасидан маълумотлар бериб ўтди. Шунингдек, Кирғизистон МСК ва соғликни сақлаш вазирлиги Пандемия шароитида сайлов ўтказиш Алгоритмини қабул қилганлиги, шу асосда сайловчилар ҳимоя воситалари билан таъминланиши ҳақида ахборот берилган. Участкада 2239 сайловчи руйхатга олинган.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳар бир сайлов участкасида иккитадан АСУ, яъни автоматик санаш қурилмалари жойлаштирилган бўлиб, улардан бири Президент сайлови натижаларини, иккинчиси референдум натижаларини ҳисоблаш учун фойдаланилади.
Маълумот учун, 2020 йил 19 ноябрдан эътиборан сайловчилар рўйхати 2475 та республика ичидаги ва 45 та хорижда ташкил қилинган сайлов участкаларига илиб қўйилган.
Сайловчилар сони 2020 йил 18 декабр куни ҳолатига 3 миллион 556 минг 864 нафарни ташкил қилган ва Қирғизистон Марказий сайлов комиссиясининг “тизме” порталига жойлаштирилган.