• eye Maxsus imkoniyatlar
Сайлов жараёни иштирокчиларининг малакасини оширишга қаратилган ўқувлар давом этмоқда
18.05.2021
1675
Аввал хабар берилганидек, Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Сайлов комиссиялари аъзолари малакасини оширишни ташкил этиш концепцияси асосида республикамизнинг барча ҳудудларида жорий йил 17 майдан сайлов жараёни иштирокчиларининг малакасини ошириш қаратилган семинар-тренинглар бошланди.

Аввал хабар берилганидек, Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Сайлов комиссиялари аъзолари малакасини оширишни ташкил этиш концепцияси асосида республикамизнинг барча ҳудудларида жорий йил 17 майдан сайлов жараёни иштирокчиларининг малакасини ошириш қаратилган семинар-тренинглар бошланди.

18 май куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси Зайниддин Низамходжаев Чирчиқ давлат педагогика институтида ташкил этилган Тошкент вилояти ҳудудий семинар-тренинг машғулотларида маъруза қилди.

Мамлакатимиз катта сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови арафасида турибди, деб таъкидлади З.Низамходжаев. Сайлов мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, яқин ва олис истиқбол учун белгилаб олинадиган стратегик тараққиётнинг дастурий вазифаларини амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистонда бу йилги Президент сайлови илк бор Сайлов кодекси ва умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартларига риоя этилган ҳолда  ўтказилади.  Бу эса ўз навбатида, сайлов жараёнларини миллий сайлов қонунчилигига мос тарзда, уюшқоқлик билан ташкил этиш учун сайлов комиссиялари аъзолари ҳамда сайлов жараёни иштирокчиларининг билими ва кўникмаси юқори даражада бўлишини тақозо этади.

Шуниси муҳимки, уч босқичли “каскад” услубида, яъни юқоридан қуйига қараб кенгайиб, такомиллашиб борадиган йўсинда ташкил этилган ушбу семинар-тренинглар айни кўзланган мақсадларга эришишда муҳим аҳамиятга эга. Бошқа ҳудудлардаги каби, Тошкент вилоятида давом этаётган ўқувларда ҳам республика тренерлари томонидан вилоятдаги 88 нафар тренер учун машғулотлар олиб борилмоқда. Қайд этиш лозимки, семинар-тренингларга сайлов ҳуқуқига ихтисослашган етакчи олимлар ва экспертлар, ҳудудлардаги маҳаллий олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, тажрибали экспертлар жалб этилган.

Ушбу тадбирларнинг барчаси пировард натижада сайлов жараёнлари очиқ ва ошкора ўтишини, мамлакатимизнинг халқаро демократия индексидаги кўрсаткичлари янада яхшиланишини  таъминлаш, аҳолининг Президент сайловида фаол иштирок этиши ва юртимиз тақдири учун даҳлдорлик туйғусини кучайтиришга хизмат қилади.

29 майга қадар давом этадиган семинар-тренингларда сайлов қонунчилигидаги янгиликлар ва уларни амалиётда қўллаш масалалари юзасидан кенг тушунтириш ишлари олиб борилади.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати