• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
«Вести» ахборот дастури ходимлари аккредитациядан ўтказилди
19.12.2019
3470
Жорий йилнинг 19 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Комиссия аъзолари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Жорий йилнинг 19 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Комиссия аъзолари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Раиси М.Абдусаломов бошқарган мажлис кун тартибидан хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларининг аккредитацияси ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 17 декабрдаги 1009-сон қарорига ўзгартиш киритиш масалалари ўрин олди.

Марказий сайлов комиссияси томонидан чет давлатларда очилган сайлов участкалари фаолиятини сайлов қонунчилиги талабларига биноан ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу хорижда истиқомат қилаётган ватандошларимизнинг сайловга оид конституциявий ҳуқуқини рўёбга чиқаришда муҳимдир. Республикамизнинг хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхона ва консуллик идораларида 55 та сайлов участкаси тузилди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Россияда яшаб турган Ўзбекистон фуқароларининг 22 декабрь куни бўладиган сайловларда овоз бериш жараёнини кенг ёртиб бориш борасида   Россия томонининг ташаббусини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига  Россия Федерациясининг «Россия» телеканали «Вести» ахборот дастури дирекциясининг ходимларини аккредитациядан ўтказиш бўйича тақдимнома киритди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси «Вести» ахборот дастури дирекциясининг 26 нафар вакилини аккредитациядан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Шунингдек, Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 19 ноябрдаги 987-сон ҳамда 2019 йил 26 ноябрдаги 991-сон қарорларига мувофиқ аккредитациядан ўтказилган айрим хорижий журналистларнинг аккредитациялари тегишлича Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига  мувофиқ бекор қилинди.

Юқоридагиларни инобатга олган холда, ҳозирги кунга қадар аккредитациядан ўтказилган маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари сони 283 нафарга  ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари сони эса 131 нафарга етди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки,  ОАВ вакилларининг ваколати уларга аккредитациядан ўтганлиги тўғрисида гувоҳнома берилган кундан бошланади ва сайлов якунлари расман эълон қилинган кундан тугайди.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати