• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди
02.07.2021
1774
2 июль куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Комиссия Раиси Зайниддин Низамходжаев бошқарган йиғилишда Марказий сайлов комиссиясининг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритишга доир масалалар муҳокама қилинди.

2 июль куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Комиссия Раиси Зайниддин Низамходжаев бошқарган йиғилишда Марказий сайлов комиссиясининг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритишга доир масалалар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси сайловларида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчилар тўғрисида низом, Сайлов кампанияси даврида оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисида низом, Қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида сайлов участкаларини ташкил этиш тартиби тўғрисида низом, Сайлов ва референдумга тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказиш билан боғлиқ бўлган ҳужжатларни сақлаш, архивга топшириш ва йўқ қилиш тартиби тўғрисида йўриқнома каби ҳужжатлар шулар жумласидандир.

Мажлисда Марказий сайлов комиссияси томонидан бўлажак сайловга тайёргарлик ишлари, пандемия билан боғлиқ мураккаб шароитга қарамасдан, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда жадал ва изчил давом эттирилаётгани айтиб ўтилди. Бунда Марказий сайлов комиссиясининг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёнини тартибга солувчи қарорларини сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқлаштириш, халқаро стандартлар ҳамда амалиётдан келиб чиқиб такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Халқаро ташкилотлар, жумладан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг тавсиялари, мамлакатимизда ўтказилган аввалги сайловлар амалиётида вужудга келган камчиликларни бартараф этиш, сайлов жараёнларини умумэътироф этилган демократик стандартларга мослаштириш билан боғлиқ масалаларга муҳим аҳамият берилмоқда.

Сайлов кодексининг 10-моддасига биноан, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкалари тузилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхона ва консуллик муассасаси ҳисобланмайдиган чет давлатлардаги ваколатхоналарида сайлов участкалари тузилиши амалиётда мавжуд. Ушбу қоидага асосан, Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 26 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва ва Кванжу шаҳарларидаги ваколатхоналарида қўшимча сайлов участкаларини тузиш ва уларни тегишли сайлов округларига бириктириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.

Шу боис дипломатик ваколатхона ва консуллик муассасаси ҳисобланмайдиган бошқа ваколатхоналарда тузиладиган сайлов участкаларига оид масалаларнинг Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ҳузурида сайлов участкаларини ташкил этиш тартиби тўғрисида Низомда қамраб олиниши ҳамда мустаҳкамлаб қўйилиши муҳим аҳамиятга эга.

Қайд этиш ўринлики, Сайлов кодексининг чет давлатларда истиқомат қилиб турган Ўзбекистон фуқароларини дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби, хорижий мамлакатларда сайловчилар яшаётган ёки ишлаётган жойида кўчма қутилар орқали овоз беришининг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланди.

Марказий сайлов комиссиясининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига киритилган бу каби муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига жорий йил 8 февраль ҳамда 31 май кунлари киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ барча жараённи миллий сайлов қонунчилиги ва умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартлари асосида ўтказишга хизмат қилади.

Мажлисда Марказий сайлов комиссиясининг ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Марказий сайлов комиссиясининг

Матбуот хизмати