Мамлакатимизда ўтказиладиган ушбу муҳим сиёсий жараён муносабати билан жорий йилнинг 24-28 май кунлари ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси (ЭБМ) экспертлари Президент сайловига тайёргарлик жараёнларини ўрганиш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюрган ва МСК раҳбарияти билан учрашган эди. Ташриф якунлари бўйича ЭБМ ўз ҳисоботида бўлажак сайловларни ЕХҲТ ДИИҲБнинг тўлақонли миссияси томонидан мониторинг қилиш мақсадга мувофиқлигини қайд этиб, унинг таркибига асосий гуруҳ (10-15 нафар эксперт), 28 та узоқ муддатли ва 250 нафар қисқа муддатли кузатувчиларни жалб этишни тавсия этган.
Сайловларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда кузатувчиларнинг, жумладан хорижий мамлакатлар вакиллари ва халқаро ташкилотлар кузатувчилари миссияларининг иштироки муҳим аҳамият қасб этишини инобатга олиб, октябрь ойида бўлиб ўтадиган сайловларда нуфузли халқаро ташкилотлар ва чет мамлакатлардан кузатувчилар таклиф этилиши режалаштирилган. Хусусан, ЕХҲТ ПА ва ДИИҲБ миссиялари билан бир қаторда МДҲ, ШҲТ, МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси ва бошқа ташкилотларга таклифномалар юборилади.