Марказий сайлов комиссияси томонидан шу йил 14 апрель куни қабул қилинган ва ижроси изчиллик билан таъминланаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастурида сайлов жараёнларининг барча босқичларини оммавий ахборот воситаларида тизимли ёритиб боришга доир муҳим вазифалар белгиланган.
Шундан келиб чиқиб, меморандумларда Сайлов кодекси ва сайлов жараёнини тартибга соладиган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қоидаларини сайловчилар ўртасида кенг тушунтириш бўйича ишларни самарали ташкил қилиш, шунингдек сайлов жараёнининг очиқлиги, ошкоралиги ва транспарентлигини таъминлаш, сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, сиёсий партиялар ва номзодларнинг сайловолди дастурлари ҳақида жамоатчиликни тезкорлик билан хабардор қилишда ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш назарда тутилган.
Имзоланган меморандумларни амалга ошириш доирасида барча даражадаги сайлов комиссияларининг фаолиятини изчил ёритиб бориш, сиёсий партиялар ва номзодлар учун уларнинг сайловолди дастурлари қоидалари, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ривожланишининг муҳим масалаларига оид мустақил нуқтаи назарларини сайловчиларга, жамоатчиликка етказишда оммавий ахборот воситаларида тенг ҳажмда эфир вақти ва нашр майдони ажратиш йўли билан кенг ва тенг имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратилади.
Айни пайтда, мазкур ҳужжатлар сайловчилар ва сайлов ташкилотчиларининг миллий сайлов институтларига ишончини мустаҳкамлаш ҳамда уларда Ватан ва халқ тақдирига дахлдорлик туғусини мустаҳкамлашга қаратилган кўламли ишларни қамраб олгани билан ҳам аҳамиятлидир.
Маълумот учун: Жорий йил 14 июль куни Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, “ЗўрТВ” телерадикомпанияси, “Uzreport” ҳамда “Дунё” ахборот агентликлари ўртасида Президент сайловларини ёритиш бўйича икки томонлама меморандумлар имзоланган эди.
Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастурига мувофиқ 814 нафар ОАВ вакиллари аккредитациядан ўтказилган бўлиб уларнинг 766 нафари маҳаллий ва 48 нафари хорижий ОАВ вакиллари ҳисобланади.
Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати