• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши
07.10.2021
1876
2021 йил 7 октябрь куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Мажлисни Комиссия Раиси З.Низамходжаев олиб борди.

 

Мажлис кун тартибидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишда жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари,  Ўзбекистон Президенти сайловида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш ҳамда Оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш масалалари жой олди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан айрим округ сайлов комиссиялари раисларининг  ахборотлари тингланди.

Комиссия аъзолари дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишда жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги масалани кўриб чиқишди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишда жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарор билан жамоат хавфсизлигини таъминлашга масъул ходимларнинг сайлов давридаги вазифалари ва мажбуриятлари белгиланмоқда.

Унга кўра Ўзбекистон Президенти сайловини ўтказишда жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлиги Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардияси томонидан амалга оширилади.

Жамоат хавфсизлигини таъминлашга масъул ходим ўз фаолиятини сайлов комиссиялари билан ҳамкорликда ташкил этади, сайлов бюллетенлари олинган кундан бошлаб бюллетенлар ҳамда бошқа ҳужжатлар сақланадиган бинонинг қўриқланиши, шунингдек округ ва участка сайлов комиссиялари аъзолари кузатуви остида сайлов натижаларига доир ҳужжатларни ташишда хавфсизликни таъминлайди.

Шу билан бирга, сайловчиларнинг яширин овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенглиги ва эркинлигини, шунингдек сайлов жараёни иштирокчиларининг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларини бузмаган ҳолда жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўради.

Жамоат хавфсизлигини таъминлашга масъул ходимга сайловчилар, кузатувчилар ва сайлов жараёнининг бошқа иштирокчиларига таъсир ўтказиш, сайловчи сайлов бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтда яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида бўлиш, бирон-бир ташвиқот материалини ёки адабиётини тарқатиш, сайловчилардан улар қандай овоз берганлигини суриштириш ёки сайловчиларга сайлов бюллетенига белги қўйишда бирон-бир тарзда ёрдам кўрсатиш, сайлов комиссиясининг фаолиятига, шу жумладан унинг мажлисларида ҳозир бўлишга, сайлов қутиларини муҳрлашга, уларни очишга, овозларни санаб чиқишга аралашиш тақиқланади.

Комиссия аъзолари томонидан  Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек,  Ташқи ишлар вазирлиги томонидан 156 нафар хорижий (халқаро) кузатувчиларни аккредитациядан ўтказиш бўйича МСКга тақдимномалар киритилди. Шу сабабли, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш тўғрисидаги МСК қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган. Унга мувофиқ, Белгия, БАА, Буюк Британия, Германия, Франция, Хиндистон, Чехия, Россия, Тожикистон, Қозоғистон каби давлатлардан жами 156 нафар халқаро кузатувчи рўйхатдан ўтказилди.

 Шундай қилиб, шу кунга қадар аккредитациядан ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчилар умумий сони 380  нафарни ташкил этмоқда. Марказий сайлов комиссияси халқаро кузатувчиларга сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида ўз фаолиятларини амалга оширишлари учун мандатларни қонунда белгиланган муддатда тақдим этмоқда.

Комиссия аъзолари томонидан оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, ўтган вақт давомида Марказий сайлов комиссиясига 6 та маҳаллий  Оммавий ахборот воситаси томонидан мурожаат келиб тушган. Мажлисда Оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисидаги қарор лойиҳаси бир овоздан маъқулланди ҳамда жами 23 нафар маҳаллий  ОАВ вакили аккредитациядан ўтказилди. 

Эндиликда аккредитациядан ўтказилган маҳаллий ОАВ вакиллари жами 1357 нафар,  хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари эса 146  нафарни ташкил этмоқда.

Мажлис давомида 4-Жиззах,  6-Наманган, 13-Қашқадарё ва  14-Тошкент шаҳар округ сайлов комиссия раисларининг  сайловга тайёргарлик кўриш бўйича ҳисоботлари тингланди.

Мажлисда кун тартибига киритилган қарорлар очиқ овоз бериш орқали, комиссия аъзолари томонидан бир овоздан қабул қилинди.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати