Ташриф давомида МДҲ ПА кузатувчилар гуруҳи сиёсий партиялар сайловолди штаблари раҳбарияти билан учрашувлар ўтказмоқда.
7 октябрь куни Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ва Ўзбекистон Халқ демократик партиясида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи давлатлари Парламентлараро Ассамблеяси (МДҲ ПА) Кенгаши Котибияти раиси ўринбосари – МДҲ ПА иштирокчи-давлатларида демократиянинг ривожланиши, парламентаризм ва фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш халқаро институти (ДПРХИ) директори И.Мушкет бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда давомида кузатувчилар гуруҳи хар бир сиёсий партия тарихи ва ғоялари, партия номзодининг Сайловолди дастури ҳамда тарғибот ва ташвиқот ишлари хусусан, партия ва номзоднинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлиги, сайлов кампанияси ва сайловолди ташвиқоти давридаги фаолияти билан таништирилди. Сайлов штаби гуруҳлари ва уларнинг вазифалари тўғрисида ахборот берилди.
Шу билан бирга, Сайлов жараёни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Сайлов кодексига мувофиқ очиқ ва шаффоф ўтаётгани ҳамда Сайловолди ташвиқот ишлари жараёнида оммавий ахборот воситаларида барча партиялар ва уларнинг Президентликка номзодлари учун тенг имкониятлар яратилгани қайд этилди.
Қайд этиш жоиз, МДҲ ПА кузатувчилари ўз фаолияти давомида Тошкент шаҳри ва вилоятларда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатади ва мониторинг олиб боради.
Узоқ муддатли мониторинг давомида ДПРХИ экспертлари сайлов кампаниясининг асосий босқичларини кузатадилар ва таҳлил қиладилар, шунингдек сайлов жараёнининг иштирокчилари: турли даражадаги сайлов комиссиялари раҳбарлари ва сиёсий партиялар штаблари вакиллари билан учрашувлар ўтказадилар. Узоқ муддатли кузатув натижаси сифатида якуний ҳисобот эълон қилинади.