• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши
13.10.2021
6155
2021 йил 13 октябрь куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Мажлисни Комиссия Раиси З.Низамходжаев олиб борди.

Мажлис кун тартибидан Айрим сайлов участкаларида сайлов жараёнини видео-трансляция қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирларни белгилаш, Сайлов жараёнига рақамли технологияларини жорий этиш, Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилган ишлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 11-Фарғона округ сайлов комиссияси таркибига ўзгартиришлар киритиш, Ўзбекистон Президенти сайловида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш ҳамда Оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш масалалари жой олди.

Комиссия аъзолари дастлаб Айрим сайлов участкаларида сайлов жараёнини видео-трансляция қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирларни белгилаш тўғрисидаги масалани кўриб чиқишди.

Сайлов жараёнида замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш очиқлик ва ошкораликни таъминлайди, шунингдек, сайловчилар учун ҳар томонлама қулайликлар яратиб беради. Шу боис, бир қатор давлатлар сайлов жараёнида замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиб келмоқда. 

Қайд этилганидек, овоз бериш куни мамлакатимиз ҳудудида жойлашган 207 та сайлов участкасида сайлов жараёнлари онлайн видео-трансляция қилинади. Видео-трансляция жараёни Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот марказида катта ҳажмдаги экран орқали, шунингек, “saylov2021.uz” портали ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Ўзбекистон 24” ва бошқа телеканалларида онлайн тарзда узатиб борилади.

Шунингдек, кун тартибидан Сайлов жараёнига рақамли технологияларини жорий этиш, Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги масала жой олди.

Мажлис давомида Ахборот коммуникация Технологияларни ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари О.Пекось, Ички ишлар вазирининг ўринбосари Н.Тураходжаев, Кадастр агентлиги директори Ф.Умаров ва Давлат персоналлаштириш маркази рахбари У.Ташходжаевларнинг  Сайлов жараёнига рақамли технологияларини жорий этиш, Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида ахборотлари тингланди.

Йиғилишда Комиссия аъзолари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 11-Фарғона округ сайлов комиссияси таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқишди.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 11-Фарғона округ сайлов комиссияси аъзоси Веч Олеся Ярославнанинг берган аризасига мувофиқ, ўз вазифасини бажаришдан озод қилинди.  Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгашининг тавсиясига биноан Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Гафуров Юсуфбек Икрамович 11-Фарғона округ сайлов комиссияси аъзоси этиб тасдиқланди.

Комиссия аъзолари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек,  Ташқи ишлар вазирлиги томонидан 177 нафар хорижий (халқаро) кузатувчиларни аккредитациядан ўтказиш бўйича МСКга тақдимномалар киритилди. Шу сабабли, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш тўғрисидаги МСК қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Унга мувофиқ, халқаро ташкилотлардан  хусусан, ЕХҲТ ДИИҲБ, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий Кенгаш, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлараро Ассамблеяси, Осиёда ўзаро ҳамкорлик ва ишонч чоралари кенгаши котибияти, Халқаро турк академияси, Европа Парламенти, ИҲТ илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича доимий комиссияси, ЮНЕСКО, шунингдек, Япония, Туркия, Словакия, Исроил, Нидерландия, Испания, Индонезия, Грузия,  Германия, Венгрия, Белгия, Америка Қўшма Штатлари, Австрия Республикаси,  Россия Федерацияси, Покистон Республикаси, Озарбайжон Республикаси,  Тожикистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси каби хорижий мамлакатлардан жами 177 нафар халқаро кузатувчи рўйхатдан ўтказилди.

Шундай қилиб, шу кунга қадар аккредитациядан ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчилар умумий сони 557  нафарни ташкил этмоқда. Марказий сайлов комиссияси халқаро кузатувчиларга сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида ўз фаолиятларини амалга оширишлари учун мандатларни қонунда белгиланган муддатда тақдим этмоқда.

Комиссия аъзолари томонидан оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, ўтган вақт давомида Марказий сайлов комиссиясига 27 та маҳаллий  Оммавий ахборот воситаси томонидан мурожаат келиб тушган. Мажлисда Оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисидаги қарор лойиҳаси бир овоздан маъқулланди ҳамда жами 62 нафар маҳаллий  ОАВ вакили аккредитациядан ўтказилди. 

Эндиликда аккредитациядан ўтказилган маҳаллий ОАВ вакиллари жами 1419 нафар,  хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари эса 146  нафарни ташкил этмоқда.

Мажлисда кун тартибига киритилган қарорлар очиқ овоз бериш орқали, комиссия аъзолари томонидан бир овоздан қабул қилинди.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати