Учрашувда МСК раҳбари IFES вакилларига мамлакатда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, бўлажак Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларига тайёргарлик ҳақида маълумот берди.
Фуқароларнинг эркин ва адолатли сайловларда иштирок этиш ҳуқуқини таъминлашда Жамғарманинг ўрни алоҳида қайд этилди. IFES тажрибаси сайлов тизимини мустаҳкамлаш ва маҳаллий ресурсларнинг салмоғини кенгайтиришга ҳисса қўшади, бу эса ўз навбатида долзарб масалаларнинг истиқболдаги ечимларини топиш имконини яратади.
Учрашувда томонлар Сайлов тизимлари халқаро жамғармасининг Марказий сайлов комиссияси билан ҳамкорлиги йўналишлари ва уни янада мустаҳкамлаш йўлларини муҳокама қилишди.
IFES нинг Европа ва Евроосиё бўйича дастурлари катта менежери Энтони Бойер Ўзбекистонда сайлов қонунчилиги ва сайлов тартибини такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ишларни юқори баҳолар экан, Жамғарма мустақил сайлов комиссиялари фаолияти самарадорлигини оширишга, сайлов қонунчилиги ва амалиётини такомиллаштиришга қаратилган лойиҳа дастурини амалга ошириш орқали миллий сайлов жараёнини қўллаб - қувватлашга тайёрлигини билдирди.
МСК салоҳиятини оширишда МСК аъзоларини ўқитиш орқали касбий этика тамойилларини илгари суриш, сайлов комиссиялари ходимларини сайлов жараёнини бошқаришга оид, сайловнинг очиқлигини таъминлаш ва барча сайловчиларга шароит яратиш каби барча масалалар бўйича ўқитиш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, сайловчиларни рўйхатга олиш тизимини такомиллаштиришда техник ёрдам кўрсатиш йўли билан сайловчиларга овоз беришда қатнашиш имкониятини яхшилаш билан боғлиқ масалалар бўйича ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар МСК ва Жамғарма ўртасида янада тизимли алоқаларни ривожлантириш зарурлиги тўғрисида ўзаро фикр билдирдилар.
Тамар Жвания Сайлов тизимлари халқаро жамғармаси катта эксперт:
- Сайлов тизимлари халқаро жамғармасининг 2 нафар вакили Марказий сайлов комиссиясини лойиҳа фаолияти орқали қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистонга ташриф буюрган. Биз сайловларни баҳолаш ва муайян ҳисобот тақдим этиш учун нуқтаи назаридан сайловни кузатмаймиз. Биз МСК ҳамда сайлов жараёнларининг бошқа иштирокчилари, жумладан ОАВ, ногиронлар ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, ёшлар ташкилотлар билан ҳамкорлик қиламиз. Ушбу ҳамкорлик жорий сайловлардан сўнг бошланиб, кейинги парламент сайловларига тайёргарлик доирасида амалга оширилади. Ишонаманки, ушбу ҳамкорлигимиз сайловларнинг очиқлиги, инклюзивлиги, сайловчиларнинг фаол иштирокини таъминлашга ҳамда мамлакат тараққиётига ўз ҳиссасини қўшади.