• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Хориждаги ватандошларимиз муддатидан олдин овоз беришди
16.10.2021
2532
Ўзбекистоннинг Латвиядаги элчихонасида ташкил этилган 24-сон сайлов участкасида 14 октябрь куни Ўзбекистон Президенти сайловида муддатидан олдин овоз бериш ўтказилди.

Муддатидан олдин овоз бериш нуқталари энг кўп ўзбекистонликлар таҳсил олаётган олий ўқув юртлари - Рига техника университети (РТУ) ва Ахборот тизимларини бошқариш олий мактабида ташкил этилди.

Сайлов жараёни сайлов участка комиссияси аъзолари, олий ўқув юртлари маъмурияти вакиллари, талабалар ва Ўзбекистон ёшлар ассоциациясининг Ригадаги фаоллари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг ижроси билан бошланди.

Пандемия, шунингдек, мезбон мамлакат қонунчилиги талабларини инобатга олган ҳолда, овоз бериш жараёни эпидемиологик хавфсизлик чораларига риоя қилинган ҳолда ташкил этилган. Жумладан, университет маъмурияти кўмагида бинолар олдиндан дезинфекция қилинди. Овоз бериш хоналари дезинфекция воситалари ва юз ниқоблари билан таъминланди, ижтимоий масофага риоя этилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Президент сайлови 2019 йилда қабул қилинган Ўзбекистоннинг янги Сайлов кодексига мувофиқ ўтказилмоқда. Ушбу норматив ҳужжат қоидаларига кўра, муддатидан олдин овоз бериш асосий сайловга 10 кун (14 октябрь) қолганда бошланади ва сайлов санасидан 3 кун (20 октябрь) олдин тўхтатилади.

Эслатиб ўтамиз, юртдошларимизнинг сайлов ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаш мақсадида Ўзбекистоннинг Латвиядаги элчихонаси ҳузурида ташкил этилган 24-сон сайлов участкаси жорий йил 16-19 октябр кунлари Таллинн, Хелсинки ва Вилнюс шаҳарларида ҳам муддатидан олдин овоз бериш жараёнини ўтказади.

Туркиядаги ватандош: Мен янги Ўзбекистоннинг истиқболи, ўзим каби ёшларнинг порлоқ келажаги учун овоз бердим

Мамлакатимизнинг Анқара шаҳридаги элчихонасида ташкил этилган 43-сайлов участкаси ва Анталия шаҳридаги фахрий консулхонасида Ўзбекистон Президенти сайловида муддатидан олдин овоз бериш ўтказилди.

Муддатидан олдин сайлов бериш жараёни давлатимиз мадҳияси садолари билан очилди. Шундан сўнг, Анқара, Анталия ва қўшни шаҳарларда бўлиб турган, таълим олиш ёки вақтинча меҳнат қилиш мақсадида келган ватандошларимиз сайловда муддатидан олдин овоз беришда иштирок этиб, ўзларининг конституциявий ҳуқуқидан фойдаланди.

Овоз бериш жараёнида пандемия шароити ҳисобга олинган ҳолда, санитария тартибларига алоҳида аҳамият берилмоқда. Шунингдек, Туркия ҳудудида сайловнинг хавфсиз ўтишида маҳаллий мутасадди ташкилотлар томонидан катта кўмак кўрсатилмоқда.

Таъкидлаш керакки, Анталия Туркиянинг йирик туризм марказларидан бири ҳисобланади. Бу ерга дам олиш мақсадида келган фуқароларимиз учун ҳам муддатидан аввал овоз беришда қатнашиш имконияти айни муддао бўлди.

- Мен Анталиядаги Акдениз университетида соғлиқ хизматлари йўналишида магистратурада таълим олаяпман. Бундан бир неча кун аввал Анталиядаги Ўзбекистон фахрий консулхонасида Президент сайлови бўйича сайлов участкаси ташкил этилишини эшитиб, жуда хурсанд бўлдим, - дейди Севда Амриева. - Ўзимнинг конституциявий ҳуқуқимдан фойдаланиш имконияти яратиб берилганидан жуда миннатдорман. Бугун мен янги Ўзбекистоннинг истиқболи, ўзим каби ёшларнинг порлоқ келажаги учун овоз бердим. Бу ердаги таълимимни битиргач, Ўзбекистонимга қайтиб, Ватан равнақига ҳисса қўшаман.

Ватандошларимизга кўпроқ қулайлик яратиш мақсадида муддатидан олдин овоз бериш Анқарада 14-20 октябрь, Коня ва Карабюк шаҳарларида эса 16 октябр кунлари бўлиб ўтади.

Ўзбекистоннинг Анқара шаҳридаги элчихонаси яна бир бор Туркиядаги ватандошларимизни 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган ушбу муҳим сиёсий воқеада фаол қатнашишга даъват этади.

Таразда Ўзбекистон Президенти сайловида муддатидан олдин овоз бериш жараёни бўлиб ўтди

Ўзбекистон Президенти сайловида муддатидан олдин овоз бериш жараёни Тараз шаҳридаги (Қозоғистон) Ўзбек этно-маданий маркази биносида бўлиб ўтди.

Муддатидан олдин овоз беришда М.Дулати номидаги Тараз университети талабалари ва ушбу вилоятда ҳамда Қозоғистоннинг Жамбил вилоятида вақтинча яшаётган ва ишлаётган ватандошлар қатнашди.

Пандемия билан боғлиқ мамлакатдаги чекловлар ҳисобга олиниб, овоз бериш жараёни санитария-гигиена хавфсизлик чораларига риоя қилинган ҳолда ташкил этилди.

АҚШдаги ўзбекистонлик ёшлар Президент сайлови кампаниясига фаол қизиқиш билдирмоқда

АҚШда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар Президент сайлови кампаниясига фаол қизиқиш билдириб, тенгдошларини 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган овоз беришда фаол қатнашишга даъват этмоқда.

Жумладан, Жорж Вашингтон университети талабалари Ўзбекистон Президентлигига илгари сурилган номзодларнинг сайловолди дастурлари билан чуқур танишиб, мамлакатимиз келажагини белгилаш учун ўз конституциявий ҳуқуқидан фойдаланиш ниятида эканини билдирди.

Сент-Луисдаги Вашингтон университетида таҳсил олаётган ватандошларимиз АҚШдаги ўзбекистонлик талабалар сайлов кампаниясининг бориши, номзодларнинг чиқишлари ҳамда миллий қонунчиликдаги сўнгги янгиликларни диққат билан кузатиб бораётганини таъкидлади. Шунингдек, улар номзодларнинг дастурларини фаол муҳокама қилиб, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги ўзгаришларни қўллаб-қувватлаб, муносиб номзодга овоз беришини билдирмоқда.

Ўз навбатида, Миссури штати университети талабалари ҳам сайловда фаол иштирок этиш ва АҚШда ташкил этил мобил сайлов участкаларидан бирида ўзлари муносиб деб билган номзодни сайлаш ниятида.

Қайд этиш керакки, айрим сабабларга кўра овоз бериш кунида сайловда иштирок эта олмайдиган Ўзбекистон фуқароларига қулайлик яратиш мақсадида АҚШнинг юртдошларимиз жипс яшайдиган 8 та ҳудудида муддатидан олдин овоз бериш нуқталари ташкил этилган. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси ва Нью-Йоркдаги Бош консуллхонаси биносида ташкил этилган сайлов участкаларида 14-20 октябрь кунлари ватандошларимиз муддатидан олдин овоз бермоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси қарори билан Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси ва Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси ҳузурида Тошкент шаҳридаги 14-сайлов округига бириктирилган сайлов участкалари ташкил этилган.

Жанубий Кореядаги ватандош-талабалар: Бизнинг овозимиз келажагимиз учун муҳим эканлигига ишонамиз

Жанубий Кореянинг Инчон ва Почон шаҳарларида Ўзбекистон Президенти сайловида муддатидан олдин овоз бериш жараёни бўлиб ўтди. Инчон шаҳридаги Инха университетида 300 га яқин ватандош-талаба таҳсил олади, Почон шаҳрида эса кўплаб юртдошларимиз истиқомат қилади.

Ватандошларимиз Ўзбекистон Президентига номзодлар ва уларнинг сайловолди дастурлари, миллий қонунчиликдаги ўзгаришлар билан танишиб, ўзлари танлаган номзодга овоз берди.

– Биз, Инха университетида таълим олаётган ўзбекистонлик йигит-қизлар сайловчилар учун яратилган имкониятлар ва ўз конституцион ҳуқуқимиздан фойдаланиш мақсадида сайловга келдик. Кўпчилигимиз биринчи марта сайловда иштирок этдик, – деди Инха университети талабаси Бекзод Муҳаммадалиев. – Университетимиз ҳудудида биз талабалар учун ўзимиз танлаган муносиб номзодга овоз бериш учун яратилган шароитдан хурсанд бўлдик. Шу боис номзодлар ва уларнинг сайловолди дастурлари билан тўлиқ танишган ҳолда ўзим муносиб деб билган номзодга овоз бердим. Бизнинг овозимиз келажагимиз учун муҳим эканлигига ишонамиз.

Қирғизистонда муддатидан олдин овоз бериш жараёни

Жалолобод шаҳрида жойлашган Жалолобод давлат университетининг тиббиёт факултети биносида Қирғизистоннинг жанубий минтақаларида яшаётган ватандошларимиз Ўзбекистон Президенти сайловида муддатидан олдин овоз бериш имкониятидан фойдаланди.

Сайлов жараёни Ўзбекистон сайлов қонунчилиги талабларига мувофиқ, пандемия чекловлари ва санитария тартибларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда ўтказилмоқда. Тезкор ахборотга кўра, соат 11:00 ҳолатига кўра, жами 280 нафарга яқин юртдошимиз ўзи танлаган номзод учун овоз берди.

- Мен Жалолобод давлат университети тиббиёт факултетининг 2-курс талабасиман. Бу йил биринчи маротаба сайловда иштирок этдим, - деди Бобур Эгамбердиев. - Муддатидан олдин овоз беришимиз учун барча шароитлар яратилган. Мен барча номзодларларнинг сайловолди дастурлари билан танишиб чиқдим ва ўзим маъқул топган номзодга овоз бердим. Сайлов жараёни шаффофлик ва адолатли тарзда ўтмоқда. Ҳар ким ўзи танлаган номзодига овоз бермоқда.

Мазкур университетнинг 2-босқич талабаси Динара Жамолова ҳам илк марта сайловда иштирок этди. Динара ўз таассуротлари ҳақида сўзлаб берди.

- Юртдан олисда бўлишимизга қарамасдан биз талабаларга овоз беришимиз учун барча шароитлар яратилгани жуда хурсанд қилди, - деди у. - Мен овоз берган номзод сайланган тақдирда ёшларга кенг имкониятлар яратиб беришига ишонаман. Биз, ёшлар эса ушбу имкониятлардан ўзимиз ва юртимиз келажаги учун оқилона фойдаланамиз.

Италияда яшаётган юртдошларимиз ўзлари танлаган номзодга муддатидан олдин овоз бериш имкониятидан фойдаланмоқда

Мамлакатимизнинг Италиядаги элчихонаси ҳузурида ташкил этилган 16-сайлов участкасида Ўзбекистон Президенти сайловида муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари бўлиб ўтди.

Ўзбекистонлик талабаларнинг аксарият қисми Турин шаҳрида жойлашган олий ўқув юртларида таълим олишини инобатга олиб, уларга қулай шарт-шароит яратиш мақсадида элчихона томонидан мазкур шаҳарда ҳам муддатидан олдин овоз бериш нуқтаси ташкил этилди. 

Овоз бериш Ўзбекистон Конституцияси, янги қабул қилинган Сайлов кодекси, миллий сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишлар ҳамда Италияда COVID 19 пандемияси муносабати билан қабул қилинган талабларга риоя қилинган ҳолда ўтказилди.

16-участка сайлов комиссияси томонидан жорий йил 16 октябрь куни Италиянинг Флоренсия шаҳрида ва Грециянинг Афина шаҳрида, 20 октябрь куни эса Малтанинг Биркиркара шаҳрида муддатидан олдин овоз бериш нуқталари ташкил этилади.