Бугун, 21 октябрь куни Марказий сайлов комисияси Раиси Зайниддин Низамходжаевнинг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон сайлов қонунчилигидаги янгиликлар, Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш доирасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди. Сайлов кампанияси тадбирлари Сайлов кодекси талаблари ва демократик принципларга мувофиқ амалга оширилаётгани таъкидланди.
Қайд этиш жоиз, МДҲ Ижроия қўмитаси халқаро кузатувни ташкил қилишда катта тажриба, шунингдек, сайловларни кузатиш бўйича ривожланган ҳуқуқий базага эга.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси таклифига биноан МДҲ Ижроия қўмитаси кузатувчилари миссияси 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини кузатиб боради. Миссия Ўзбекистонга ташрифи мобайнида республикамизнинг бир қатор сайлов участкаларида бўлиб, сайловлар юзасидан ўзининг тегишли хулосалари ва тавсияларини беришни режалаштирган.
Шунингдек, учрашувда МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби С.Лебедев сайловларни демократик, эркин ва ошкора ўтгазишда муваффақиятлар тилади.
Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати