Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 5-моддасида Ўзбекистон Республикаси қонун билан тасдиқланадиган ўз давлат рамзлари — байроғи, герби ва мадҳиясига эга деб белгилаб қўйилган.
“Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисида”ги қонун 1991 йил 18 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқари Ўтказилган VII сессиясида қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи Ўзбекистон Республикаси давлат суверенитетининг рамзи ҳисобланади ва халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикасининг тимсоли бўлади.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи — байроқнинг бутун узунлиги бўйлаб ўтган тўқ мовий ранг, оқ ранг ва тўқ яшил рангли учта эндан таркиб топган тўғри тўртбурчак шаклидаги матодан иборат.
Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг схематик ва рангли тасвири тасдиқланган бўлиб, унга кўра Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг узунлиги 250 сантиметрга, кенглиги 125 сантиметрга тенг. Мовий ранг, оқ ранг ва яшил рангли энларнинг кенглиги бир хил. Ҳар бир эн 40 сантиметрга тенгдир. Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг ўртасидаги оқ рангли эннинг четларидан кенглиги 2,5 сантиметрга тенг қизил ҳошиялар ўтказилган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг юқори қисмидаги мовий рангли эннинг юз томони ва орқа томонида дастага яқин жойида оқ рангли янги ой ва унинг ёнида ўн иккита оқ рангдаги беш қиррали юлдуз тасвирланган.
Оқ рангли янги ой ва ўн иккита оқ рангли беш қиррали юлдузнинг тасвири мовий рангли юқори эннинг ўртасидан 75x30 сантиметрга тенг тўғри тўртбурчакка сиғадиган қилиб жойлаштирилган. Оқ рангли янги ой вертикал ҳолатда дўнг томони дастага қаратилган, дастадан 20 сантиметр масофада жойлаштирилган бўлиб, диаметри 30 сантиметрли доирага сиғади. Ўн иккита оқ рангли беш қиррали юлдуз диаметри 6 сантиметрли доирага сиғади. Доиралар орасидаги масофа 6 сантиметр. Юлдузлар узунасига ва тиккасига қуйидаги тартибда жойлашади: юқори қаторда учта, ўрта қаторда тўртта ва қуйи қаторда бешта юлдуз. Қуйи қатордаги юлдузлар янги ойнинг пастки учидан 3,5 сантиметр масофада жойлашади.
Байроқдаги мовий ранг тириклик мазмуни акс этган мангу осмон ва обиҳаёт рамзи. Тимсоллар тилида бу – яхшиликни, донишмандликни, ҳалолликни, шон-шуҳрат ва садоқатни билдиради. Бинобарин, Амир Темур давлати байроғининг ранги ҳам мовий рангда эди.
Байроқдаги оқ ранг – муқаддас тинчлик рамзи бўлиб, у кун чароғонлиги ва коинот ёритқичлари билан уйғунлашиб кетади. Оқ ранг – поклик, беғуборлик, софликни, орзу ва ҳаёллар тозалиги, ички гўзалликка интилишнинг тимсоли.
Яшил ранг – табиатнинг янгиланиш рамзи. У кўпгина халқларда навқиронлик, умид ва шодумонлик тимсоли ҳисобланади.
Қизил чизиқлар – вужудимизда жўшиб оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларини англатади. Навқирон ярим ой тасвири бизнинг тарихий анъаналаримиз билан боғлиқ. Айни пайтда у қўлга киритилган мустақиллигимиз рамзи ҳам. Юлдузлар барча учун илоҳий тимсол саналган. Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғидаги 12 юлдуз тасвири ҳам тарихий анъаналаримиз, қадимги йилномамизга бевосита алоқадор. Ўн икки юлдузга бўлган эътибор Ўзбекистон сарҳадидаги қадимги давлатлар илмий тафаккурида нужум илми тараққий этганлиги билан ҳам изоҳланади. Давлат байроғимиздаги 12 юлдуз тасвирини ўзбек халқи маданиятининг қадимийлиги, унинг комилликка, ўз тупроғида саодатга интилиши рамзи сифатида тушуниш лозим.
Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи қандай органлари биноларида, мажлислар заллари ва қандай бошқарув органлари раҳбарлари хоналарига жойлаштирилиши ҳақида аниқ белгилаб қўйилган.
Бугун миллий байроғимиз давлат идора ва муассасалари, ўқув юртлари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпираб турибди.
Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қонунда белгиланганидек, байрам кунларида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг қарорлари билан белгиланган марказий кўчаларда, майдонларда, бошқа жамоат жойларида ва объектларда соат 6 да кўтарилади ва соат 22 да тушириб қўйилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенати аъзолари, халқ депутатлари Кенгашларининг депутатлари сайлови ёки референдум кунларида—овоз бериш ўтказилаётган бинолар ва хоналарда овоз бериш ёки референдум ўтказиш даврида кўтариб қўйилади.
Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари, шунингдек халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналари биноларида ёки ҳудудларида ва транспорт воситаларида — халқаро ҳуқуқ нормаларига, дипломатик протокол қоидаларига ҳамда ваколатхоналар ва муассасалар жойлашган давлатнинг қонунчилигига мувофиқ жойлаштирилади.
Хорижий давлатлар давлат ва ҳукумат бошлиқларининг, бошқа расмий делегацияларнинг халқаро ҳуқуқ нормаларига, дипломатик протокол қоидаларига, шунингдек Ўзбекистон Республикасида бўлишининг тасдиқланган дастурига мувофиқ транспорт воситаларида, вокзалларда, аэропортларда, юриш йўналиши бўйича ва бошқа ташриф объектларида расмий делегацияларнинг ташриф буюришидан 24 соат олдин кўтарилади ва улар жўнаб кетганидан кейин 24 соат мобайнида тушириб қўйилади.
Расмий шахслар сифатида Ўзбекистон Республикасининг Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, Ўзбекистон Республикасининг бошқа расмий делегациялари раҳбарлари, Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари, шунингдек халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналари бошлиқлари тушган чет элдаги денгиз ва дарё кемаларида, бошқа транспорт воситаларида ҳам кўтарилади.
Ўзбекистон Республикаси кемалар қатнови инспекциясининг кемалар реестрида рўйхатга олинган денгиз ва дарё кемаларида, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий бирлашмаларида, қўшилмаларида ва қисмларида, шунингдек бошқа ҳарбий тузилмаларида—Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг умумҳарбий уставларига мувофиқ, доимий равишда Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан ўтиш пунктларида, спорт майдонларида—Ўзбекистон Республикаси чемпионатларини, миллий терма командалар иштирокида халқаро спорт мусобақаларини ўтказиш вақтида ҳамда халқаро спорт мусобақаларининг Ўзбекистон Республикаси спорт терма командаларининг вакиллари бўлган ғолибларини мукофотлаш маросимларини ўтказиш вақтида кўтарилади.
Айниқса Олимпия мусобақалари, жаҳон чемпионатларида юртдошларимизнинг ғалаба шоҳсупасига кўтарилганида давлатимиз байроғи кўтарилиб мадҳиямиз янграганда ҳар биримизда севинч, қувонч, фахр ва ифтихор туйғуси жўш уради. Бу мустақил Ўзбекистоннинг тимсоли эканлиги ана шундай паллада қалбимиздан яна ҳам чуқур ўрин эгаллайди.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи унга нисбатан лозим даражадаги ҳурмат таъминланган ҳолда умуммиллий байрамлар ва тантанали тадбирлар вақтида кўтарилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг тасвири туширилган белгилар Ўзбекистон Республикаси Фуқаро ҳаво кемалари давлат реестри ёки Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳаво кемалари реестрига киритилган ҳаво кемаларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Авиация маъмурияти ҳисобида турувчи экспериментал ҳаво кемаларига, қонунчиликда белгиланган ҳолларда автомототранспорт воситалари ва улар тиркамаларининг давлат рўйхатидан ўтказиш рақам белгиларига, Ўзбекистон Республикасининг асосий чегара белгисига қўйилади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг тасвири туширилган белгилардан Ўзбекистон Республикасига тегишлиликни белгилаш мақсадида предметларда, ўқув-тарбия жараёнида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотларининг элементи сифатида фойдаланилиши мумкин.
Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг элементларини нодавлат ташкилотлари ҳужжатларининг реквизитлари ёки реклама материалларига киритилишига йўл қўйилмайди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг тасвири туширилган белгилардан ишлаб чиқарилаётган ёки реализация қилинаётган товарларни (ишларни, хизматларни) ўтказиш учун тижорат мақсадларида фойдаланиш мумкин эмас. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг рамзлари Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғига ўхшаш бўлиши мумкин эмас.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи билан бир вақтда хорижий давлатлар ва (ёки) халқаро ташкилотлар байроқлари кўтарилганда Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи халқаро ҳуқуқ нормаларига ва дипломатик протокол қоидаларига мувофиқ кўтарилади.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи биноларнинг асосий кириш жойида ёки бунинг учун мақбул бўлган бошқа жойда, ёхуд тегишли тутқичи бўлган дастада, ё бўлмаса флагштокда байроқнинг дастаси бинонинг олд томони билан кўпи билан 45 градусли бурчак ҳосил қиладиган тарзда кўтарилади. Кўтариб қўйилган Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг матоси ер сатҳидан камида 2,5 метр баландликда бўлиши керак.
Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи ва унинг тасвири катта-кичиклигидан қатъий назар, ҳамма вақт ушбу Қонунга илова қилинаётган рангли ва схематик тасвирига аниқ мос бўлиши керак. Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғини тайёрлаш, сақлаш ва йўқ қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи тўғрисидаги Қонуннинг Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари, шунингдек халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналари томонидан ижро этилиши устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, бошқа давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ижро этилиши устидан назорат эса ички ишлар органлари томонидан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, шунингдек Ўзбекистонда турган бошқа шахслар Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғини ҳурмат қилишлари шарт. Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисидаги қонунчилигини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Юртимиз байроғи бундан буён ҳам жаҳон мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар биноларида баланд ҳилпирайверсин.
Тинч ва осойишта, озод ҳамда эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз тимсоли бўлган байроғимиз доим юксак ўринда бўлсин.
Юнусов Баҳодиржон
Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссияси аъзоси