Мазкур концепция асосида Давлат бошқаруви академияси ва Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчиларидан иборат малакали экспертлар томонидан махсус ўқув дастурлари ва ўқув-услубий материаллар ишлаб чиқилди ҳамда бутун республикамиз бўйлаб тажрибали экспертлар иштирокида кенг кўламли семинар-тренинг машғулотлари ўтказилди.
Ўқувлар давомида “Бир сайловчи – бир овоз” тамойилига қатъий амал қилиш, сайловчи шахсан ўзи овоз беришининг аҳамиятини кенг тушунтириш, шунингдек, сайловчилар рўйхати билан ишлаш, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ва сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимидан фойдаланиш тартиби каби муҳим мавзулар қамраб олинди.
Қувонарлиси, мазкур ёндашув сайловни кузатишда иштирок этган нуфузли халқаро ташкилотлар, жумладан, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотнинг Парламент Ассамблеяси ҳамда Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси, Туркий тиллий давлатлар Ҳамкорлик Кенгаши, Туркий Кенгаш Парламент Ассамблеяси ҳамда Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти ҳамда хорижий оммавий ахборот воситалари томонидан алоҳида қайд этилди.
Шуларни инобатга олган холда, Марказий сайлов комиссияси Қорақалпоғистон Республикаси Жукорги Кенгеси, Тошкент шаҳар ва вилоятларда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишда фаол иштирок этган ва ўзига юклатилган вазифаларга масъулият билан ёндошиб, виждонан бажарган ҳудудий тренерлар – олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчиларини сайлов жараёнидаги меҳнатини алоҳида эътироф этиб, уларни рағбатлантиришни мақсад қилган.
Айни кунларда республикамизнинг қатор ҳудудларида ушбу мақсадни амалга оширишга қаратилган тадбирлар бўлиб ўтди.
Бугун, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академиясида Тошкент шаҳрининг 147 нафар малакали тренерларига Марказий сайлов комиссиясининг фахрий ёрлиғи топширилди.
Тадбирда иштирок этган МСК Раиси ўринбосари Б.Кучкаров сўзга чиқиб Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни миллий сайлов қонунчилигимиз ҳамда умумэътироф этилган халқаро стандартларга мос, юксак ташкилий даражада ўтказишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган барча тренерлар – олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчиларига миннатдорчилик билдирди.
Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати