• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Сайловчиларнинг рўйхатларини шакллантиришда шахсга доир маълумотларни ҳимоялаш давр талаби
24.01.2022
1611
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 27-моддасига мувофиқ сайлов кампанияси даврида ҳар бир сайлов участкасида Сайловчиларнинг рўйхатлари сайловдан 15 кун олдин ҳамма танишиб чиқиши учун участка сайлов комиссиялари томонидан ўз биноларига осиб қўйилади. Мазкур рўйхатда фуқароларанинг фамилияси, исми, отасининг исми, шу билан бирга унинг туғилган санаси ва яшаш манзили ҳам кўрсатилиши белгилаб қўйилган.

Мазкур талабга мувофиқ, мамлакатимизда бўлиб ўтган  турли даражадаги сайловларда участка сайлов комиссияси раиси ва котиби томонидан имзоланган ҳамда участка сайлов комиссияси муҳри билан тасдиқланган сайловчилар рўйхатлари ҳамма танишиб чиқиши учун, участка сайлов комиссияси биносида жойлашган стендларга осиб қўйилган. Ўз навбатида сайловчилар сайловга қадар ёки сайлов кунида сайлов участкасига ташриб буюриб, ўзлари ҳақидаги маълумотларнинг тўғрилиги ва ушбу сайлов участкасида овоз беришлари ҳақида маълумотга эга бўлганлар.

2021 йил 24 октябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатган айрим халқаро кузатувчилар сайловчиларнинг шахсий маълумотлари, яъни фамилияси, исми ва отасининг исмидан ташқари унинг туғилган санаси ва яшаш манзили ҳам кўрсатилган рўйхатининг сайлов участкасида осиб қўйилиши уларнинг хавфсизлигига таҳдид солиши ва ушбу маълумотлардан жиноий мақсадларда фойдаланишга олиб келиши мумкин деган фикр ва тавсияларни билдирган.

Юқоридагиларни инобатга олган холда Марказий сайлов комиссияси Адлия вазирлиги, Давлат персоналлаштириш маркази ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан Ўзбекистон Республикаси сайлов қонунчилигини янада такомиллаштириш ва фуқароларнинг шахсга доир маълумотлари ҳимоясини таъминлаш учун тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш мақсадида ишчи гуруҳи тузиб, иш олиб бормоқда.

24 январь куни Марказий сайлов комиссиясида сайлов қонунчилиги ва шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш жараёнларини такомиллаштириш юзасидан тузилган ишчи гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. 

Йиғилишда, ривожланган ҳуқуқий демократик давлатлар сайлов қонунчилигига асосланган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 28-моддасини – “Сайловчиларнинг дастлабки рўйхатидан сайлов комиссиялари мазкур участка ҳудудида яшовчи аҳолини уйма-уй айланиб чиқиш йўли билан аниқлаштириш учун фойдаланади. Ушбу рўйхатни расмга олиш, видео тасвирга тушуриш ёки бошқа йўллар билан кўпайтириш ва тарқатиш, шу жумладан интернет тармоғи ва ижтимоий тармоқларга барча танишиши мумкин тарзда, очиқ жойлаштириш тақиқланади” деган норма билан тўлдириш, шунингдек, Сайлов кодексининг 29-моддасини “Участка сайлов комиссияси биносида сайловчилар рўйхати ҳамма танишиб чиқиши учун қулай бўлган стендларга осиб қўйилади. Бундай рўйхатда сайловчиларнинг яшаш жойи манзили кўрсатилмайди” деган норма билан тўлдириш таклиф этилди”.

Тадбир иштирокчилари билдирилган таклиф ва тавсияларни Ўзбекистон Республикасининг “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонуни ва хорижий давлатлар сайлов қонунчилиги ва амалиётига мувофиқлиги юзасидан асослантирилган қўшимча таклифлар тайёрлаш ва келгуси йиғилишда атрофлича муҳокама қилишга келишиб олдилар.

Мазкур ҳужжат лойиҳаси шахсга доир маълумотларнинг ҳавфсизлигини таъминлаш билан бирга сайловчилар рўйхатини шакллантиришдаги мавжуд муаммоларга аниқ ечимларни илгари суриши лозим.  

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати