Мажлисда МСК аъзолари, Котибият масъул ходимлари ва онлайн форматда ҳудудлардан вилоятлар сайлов комиссиялари раислари, раис ўринбосарлари, котиблари ҳамда ОАВ вакиллари қатнашди.
Мазкур мажлис кун тартибига кўра, Андижон, Наманган ҳамда Фарғона вилоятларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайлов ўтказувчи сайлов комиссиялари фаолиятини ўрганиш натижалари тингланди.
Қайд этилганидек, Марказий сайлов комиссияси ўз ваколатларидан келиб чиқиб, мазкур ҳудудларда халқ депутатлари вилоят (туман ва шаҳар) Кенгашларига сайлов ўтказувчи сайлов комиссиялари томонидан Сайлов кодекси нормаларининг бир хилда қўлланилиши ҳамда маҳаллий Кенгашларнинг бўшаб қолган ўринларига сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш амалиётини ўрганди.
Ўрганишлар шуни кўрсатдики, комиссиялар томонидан ишларни ташкил этиш билан бир қаторда айрим хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги ҳам аниқланди.
Мазкур хато ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиялари аъзолари учун алоҳида режа асосида қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиш, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи сайлов комиссиялари раиси, ўринбосари ва котибларига Сайлов кодексини етказиш, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашига сайлов ўтказувчи сайлов комиссияларининг намунавий регламентини ишлаб чиқиш, вилоят сайлов комиссияси молиявий ва моддий-техник таъминотини яхшилаш, каби чораларини кўриб чиқиш каби таклиф ва тавсиялар берилди.
Бундан ташқари мажлисда, ўрганиш олиб борилган вилоятлар кесимида сайлов комиссияларида иш юритиш, ўтказилган сайловлар ва сайланган депутатлар, вилоят сайлов комиссияси учун яратилган шароит, сайлов жиҳозлари ҳолатлари хусусида маълумотлар тақдим этилди.
Мажлисда Комиссия ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати