Мажлис кун тартибига кўра, Референдум даврида оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом, Ўзбекистон Республикасининг референдумига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни молиялаштириш ҳамда маблағлардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлашга доир масалалар кўриб чиқилди.
Мажлисда ОАВ вакиллари референдумда холис ахборотларни кенг, тезкор ва эркин тарқатиш, шунингдек ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ташкил этиши учун аккредитациядан ўтказилиши таъкидланди. Низомга мувофиқ, ОАВ референдум тайинлаш тўғрисидаги қарор эълон қилинган кундан бошлаб, референдум ўтказилишига кечи билан ўн кун қолгунига қадар МСКга ўз вакилларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисида мурожаат қилишлари мумкин.
Шунингдек ушбу масаладан келиб чиқиб, маҳаллий ва хорижий ОАВ вакилларини аккредитациядан ўтказиш, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Мажлис кун тартибидаги иккинчи масалага мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг референдумига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни молиялаштириш ҳамда маблағлардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Унга кўра, Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш харажатларини режалаштириш ва амалга ошириш, референдум ўтказиш жараёнидаги моддий қимматликлар юзасидан ҳисобдорликни юритиш каби муҳим вазифалар муҳокама этилди.
Марказий сайлов комиссиясининг
Матбуот хизмати