• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
ЕХҲТнинг инсоний ўлчовлар бўйича мажбуриятлари юзасидан муҳокама бўлиб ўтмоқда
26.09.2022
947
Жорий йилнинг 26 сентябрь куни Варшавада ЕХҲТ минтақасида инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари ҳолатини муҳокама қилишга бағишланган инсоний ўлчовлар бўйича конференция ўз ишини бошлади.

Варшава конференцияси ЕХҲТнинг жорий Польша раислигида ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) кўмагида ташкил этилади.

Икки ҳафталик ялпи сессиялар давомида иштирокчилар ЕХҲТнинг инсоний ўлчов бўйича барча мажбуриятларини: демократик институтлар, қонун устуворлиги, бағрикенглик ва камситилмаслик, асосий эркинликлар ва гуманитар масалаларни муҳокама қилиш имконига эга бўладилар.

Ўзбекистон Республикаси делегацияси таркибидан Ташқи ишлар вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Марказий сайлов комиссияси, Олий суд, Адвокатлар палатаси ва бошқа ташкилотлар вакиллари бор. Марказий сайлов комиссиясидан комиссиянинг доимий аъзоси Г. Рахимова иштирок этмоқда.

Варшава конференциясининг очилиш маросимида Польша ташқи ишлар вазири Збигнев Рау, ЕХҲТ ДИИҲБ директори Маттео Мекаччи, ЕХҲТ Бош котиби Ҳелга Мария Шмид ва Эстония Республикасининг собиқ президенти Томас Хендрик Илвес сўзга чиқдилар.

Конференция очилишида ЕХҲТга аъзо давлатларнинг 30 га яқин делегациясининг нутқи доирасида Ўзбекистон делегацияси номидан Ўзбекистон Республикасининг Полшадаги фавқулодда ва мухтор элчиси Баҳром Бобоев сўзга чиқди.

Конференция давомида Ўзбекистон делегацияси йиғилиш иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан “Янги Ўзбекистон” шиори остида ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий соҳалардаги ислоҳотлар стратегиясини амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар шарҳини тақдим этиш ниятида.