• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
БУТУНЖАҲОН САЙЛОВ ОРГАНЛАРИ АССОЦИАЦИЯСИНИНГ БЕШИНЧИ БОШ АССАМБЛЕЯСИ
18.10.2022
1335

2022 йил 18 октябрда Кейптаун шаҳрида (Жанубий Африка Республикаси) Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциациясининг (БСОА) бешинчи Бош Ассамблеяси ўз ишини бошлади. Бош Ассамблея ишида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси З.Низомходжаев бошчилигидаги делегация иштирок этмоқда.

Дунё бўйлаб сайлов органларининг энг йирик ассоциацияси ҳисобланган БСОА 2013 йил октябр ойида ташкил этилган. Ҳозирда БСОА 109 мамлакатдаги 119 та сайлов органини бирлаштиради.

БСОА фаолияти сайловлар соҳаси бўйича тажриба алмашиш ва демократик сайловларни ўтказиш бўйича халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга, иштирокчи мамлакатлар сайлов органларини қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Ўзбекистон 2013 йилдан бери БСОАнинг аъзоси ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон билан Ассоциация ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилганини алоҳида таъкидлаш лозим.

2016 йил 2 февралда МСК ва БСОА ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди, 2017 йил октябр ойида эса МСК Ассоциациянинг Ижроия кенгашига аъзо бўлди.

БСОА вакиллари мамлакатимизда бўлиб ўтадиган президент ва парламент сайловларни кузатишда мунтазам иштирок этиб келмоқда. Шунингдек, 2018-йилнинг ноябрь ойида БСОА делегацияси Сайлов кодексини ишлаб чиқиш муносабати билан Марказий сайлов комиссияси томонидан ташкил этилган “Сайлов қонунчилигини такомиллаштириш ва демократик сайловлар: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этди.

Ўз навбатида Ўзбекистон делегациялари Ассоциация Бош Ассамблеяси ва Ижроия кенгаши мажлислари ишида, БСОАнинг сайлов жараёнида салоҳиятни ошириш бўйича ўқув дастурларида, шунингдек, Ассоциацияга аъзо мамлакатларнинг сайлов жараёнларида кузатувчилар миссиялари таркибида иштирок этиб бормоқда.

Бугун, 18 октябр куни БСОА Ижроия кенгашининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Жанубий Африка Республикаси сайлов органи аъзоси ва Ҳиндистон сайлов органи раиси йиғилиш иштирокчиларини қутлаб мурожаат қилди. Йиғилиш давомида Бош ассамблеяда кўриб чиқиш учун БСОА Бош котибилигига номзодларга овоз бериш жараёни бўлиб ўтди. Шунингдек, Лесото давлатини Ассоциация аъзолигига қабул қилиш, Назорат ва тафтиш қўмитаси аъзоларини тайинлаш, бешинчи Бош Ассамблеянинг кун тартибини муҳокама қилиш каби масалалар кўриб чиқилди.

БСОАнинг бешинчи Бош Ассамблеяси дастурига мувофиқ жорий йилнинг 19 октябрида Бош Ассамблея йиғилиши бўлиб ўтиши кўзда тутилган. Шунингдек, 20 октябрь куни Бош Ассамблея доирасида “Демократик таназзул даврида сайлов органларини ҳимоя қилиш” мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтади.