• eye Version for the visually impaired
Марказий сайлов комиссияси делегацияси Грузияда бўлиб ўтган халқаро конференцияда иштирок этди
05.04.2019
2232
Жорий йилнинг 26-27 март кунлари Ўзбекистон Республикасининг Марказий сайлов комиссияси делегацияси Грузиянинг Батуми шаҳрида бўлиб ўтган сайловларни бошқариш органларининг ҳар йилги “Сайловларда ҳалоллик – рақамли технологиялар даврида киберхавфсизлик ва ахборотнинг ҳаққонийлиги” тўққизинчи конференциясида иштирок этди.

Тадбир Грузия Марказий сайлов комиссияси томонидан Халқаро парламент тадқиқотлари маркази (ICPS), Халқаро сайлов тизимлари жамғармаси (IFES), АҚШнинг Кавказдаги халқаро ривожланиш агентлиги (USAID) билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Конференция ишида Грузия, Озарбайжон, Албания, Бангладеш, Беларусь, Эстония, Иордания, Молдова, Руминия, Жанубий Корея, Словения, Арманистон, Ўзбекистон, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон, Шри-Ланка, Чехия сайлов органларининг ҳамда сайловлар соҳасидаги халқаро ташкилотларнинг вакиллари қатнашишди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси делегацияси МСК раисининг ўринбосари Г.Рахимова ва МСК котибиятининг ахборот-коммуникация технологиялари билан ишлаш бўлими бошлиғи А.Мансуровдан иборат бўлди.

Конференция давомида сайлов жараёнидаги технологик таҳдидлар ва заифликлар ҳамда уларни ҳал этиш йўллари, сайловчилар тўғрисидаги ахборотни тўплаш, қайта ишлаш ва ҳимоя қилиш, киберхавфсизлик бўйича агентликлар ўртасидаги ҳамкорлик ва бошқа масалалар кўриб чиқилди. Тадбирда таъкидландики, оммавий ахборот воситаларида киберхавфсизлик ва “фейк” ахборот глобал муаммолардан бири саналиб, дунёдаги кўплаб мамлакатлар бундай ҳақиқатга дуч келишга мажбур бўлмоқдалар. Сайловларни бошқариш органларининг ҳар йили ўтказиладиган конференцияси турли мамлакатларнинг сайлов органлари учун бир-бири билан муваффақиятли тажриба алмашиш имкониятини яратди. Шу билан бирга, мақсад муаммони яхлит кўришнинг зарурлигига, киберхавфсизлик нимани англатишини ва ушбу маконни қандай бошқаришни билишга эътиборни қаратишдан иборат эканлиги ҳам таъкидланди.

Грузия МСК раиси Тамар Жвания иштирокчиларга сайлов жараёнининг кибержиноятчилик ва “фейк” ахборот каби муҳим муаммолари тўғрисида маълумот берди.

Халқаро демократия ва сайловларга кўмаклашиш институти тадбир иштирокчиларига сайловларда киберхавфсизликни таъминлаш соҳасидаги идоралараро ҳамкорлик бўйича шарҳни ҳавола этди. Эстониядаги интернетда овоз беришнинг хавфсизлиги ва ишончлилигини таъминлаш, Чехия Республикасидаги сайловлар маълумотларини қайта ишлаш ва хавфсизлигини таъминлаш, Бангладеш мисолидаги биометрияни киберхавфсизликни таъминлаш ва ахборотнинг ишончлилиги сифатида қўллаш, Украина ҳуқуқий базасида киберхавфсизликни таъминлаш, Арманистоннинг сайловларда рақамли технологиялардан фойдаланиш тажрибаси ва бошқалар мисол тариқасида иштирокчиларнинг муҳокамасига тақдим этилди.

Конференция доирасида “Сайлов жараёнидаги ёлғон ахборот хатарлари”, “Ижтимоий тармоқларда сайлов фаолияти”, “АКТнинг киберхавфсизлик соҳасидаги афзалликлари ва камчиликлари” каби алоҳида мавзулар бўйича давра суҳбатлари ҳамда “Мустақил Грузиядаги биринчи демократик сайловларнинг 100 йили” деб номланган тақдимот бўлиб ўтди.

Грузида бўлиб ўтган конференция халқаро тадбир иштирокчилари учун амалий тажриба майдонига айланди.

Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати