• eye Version for the visually impaired
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашида ўтказилган тадбир тавсилотларига доир
19.07.2019
1068
2019 йилнинг 16 июль куни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашида Сайлов кодексининг мазмун моҳиятига бағишланган видеомулоқот ташкил этилди.

Унда партия Марказий Кенгашининг масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, Марказий сайлов комиссияси вакиллари ҳамда партия фаоллари, ҳудудий студияларда партиянинг минтақавий кенгашлари раҳбар ва масъул ходимлари, туман (шаҳар) кенгаши раислари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳи аъзолари иштирок этди.

Йиғилишда  Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Г.Раҳимова Сайлов кодексининг аҳамияти ва кодекс билан амалиётга киритилаётган янгиликлар мавзусида презентация ўтказди.

Маърузачи таъкидлаганидек, давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга йўллаган илк мурожаатномасида Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш вазифаси кун тартибига қўйилганлиги боис сайловларга оид қонунчиликни такомиллаштириш борасида сезиларли ишлар амалга оширилди.

Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ муносабатлар тарқоқ норматив ҳуқуқий ҳужжатлар билан регламентлаштириб келинганлиги, шу камчиликларни бартараф этиш мақсадида Сайлов кодексини тайёрлаш бўйича МСК бошчилигида сенаторлар, депутатлар, сайлов қонунчилиги соҳасидаги олим ва мутахассислар, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳи тузилганлиги қайд этилди.

Амалдаги қонунларнинг 200 га яқин модда ва 25 та қонуности ҳужжатлари чуқур ўрганилиб, таҳлил қилингач бир-бирига ўхшаш, бир-бирини такрорловчи нормалар бирхиллаштирилиб, тизимлаштирилган Сайлов кодекси 18 та боб, 103 та моддадан иборат ягона ҳужжат шаклида қабул қилинганлиги маълум қилиниб, бу ҳуқуқий ҳужжатнинг қўлланилишидаги афзалликлар тайёрланган кўргазмали слайдлар орқали кўрсатиб берилди.

Йиғилишда сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати шакллантирилиши, сайловчилар Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайти орқали сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидаги ўзи учун керакли маълумотларни олиш имкониятига эга бўлишини сайлов соҳасидаги ислоҳотларнинг муҳим шартларидан бири сифатида эътироф этилди.

Видеоконференцияда партиянинг маҳаллий кенгашлари масъул ходимлари томонидан сайлов жараёнида тарғибот шаклларини ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш, сиёсий партиянинг сайловолди ташвиқотида кўпроқ аҳамият берилиши лозим бўлган масалалар юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдириб ўтилди.

Тадбир натижаларига кўра партиянинг келгусидаги мақсад ва вазифаларини амалга ошириш йўлидаги режалари белгилаб олинди.

 

Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати