• eye Version for the visually impaired
Марказий сайлов комиссияси томонидан ташкиллаштирилган семинар-тренингга доир
02.08.2019
2093
2019 йил 2-4 август кунлари Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ва Тошкент Давлат юридик университети ўқув аудиторияларида семинар-тренинглар ташкил этилмоқда.

Тренингдан мақсад – жорий йил декабрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларда сайлов комиссияси аъзоларини ўқитиш учун экспертлар ва тренерлар гуруҳини тайёрлаш, уларни сайлов қонунчилигидаги янгиликлардан хабардор қилиш ҳисобланади.

Бунинг учун замонавий таълим технологияларини қўллаган ҳолда Давлат бошқаруви академияси билан биргаликда махсус ўқув дастури ишлаб чиқилди.

Ўқув машғулотларида сайлов комиссиялари ва уларнинг ваколатларини амалда қўллаш, сайлов жараёни иштирокчиларининг мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, сайловчилар рўйхатини шакллантириш борасида махсус ўқув дарслари режалаштирилган.

Шунингдек, сайлов участкаларини жиҳозлаш, муддатидан олдин овоз бериш тартиби, сайлов куни бажариладиган вазифалар, сайлов натижаларини аниқлаш ва эълон қилишга оид кўникмаларини ривожлантириш ҳам машғулотлар кун тартибидан жой олган.

Тренинг жараёнида интерфаол суҳбат, гуруҳий муҳокамада қатнашиш, вазиятларни таҳлил қилиш, ролли ўйинлар, ақлий ҳужум, кичик гуруҳларда ишлаш, баҳс-мунозара, психологик ва ривожлантирувчи машқлар ва тақдимот каби педагогик технологиялар орқали турли вазиятларда муаммоларни ҳал қилиш масалаларига ҳам эътибор қаратилган.

Тренинг якунлари бўйича экспертларда сайловга оид қонунчилик ва сайлов жараёнида вужудга келадиган турли масалалар юзасидан зарурий билим ва кўникмалар шакллантирилади.


Марказий сайлов комиссияси 
Матбуот хизмати