• eye Version for the visually impaired
Сиёсий партияларнинг ваколатли вакилларига гувоҳномалар ва имзо варақалари топширилди
24.09.2019
3383
2019 йил 24 сентябрь куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Марказий сайлов комиссиясининг аъзолари, сиёсий партиялар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар. Мажлис кун тартибидан сиёсий партияларнинг ваколатли вакилини рўйхатга олиш масаласи ўрин олди.

2019 йил 24 сентябрь куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Марказий сайлов комиссиясининг аъзолари, сиёсий партиялар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар. Мажлис кун тартибидан сиёсий партияларнинг ваколатли вакилини рўйхатга олиш масаласи ўрин олди.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 34-моддасига асосан депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партия сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш учун ваколатли вакил тайинлашга ҳақли.

Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 11 сентябрдаги 935-сон қарори билан тасдиқланган “Сиёсий партиянинг ваколатли вакили тўғрисида”ги низомга мувофиқ – Сиёсий партия юқори органининг раҳбари сайлов кампанияси бошланганлиги расман эълон қилинган кундан бошлаб беш кунлик муддатда ўз ваколатли вакилини тайинлайди ҳамда уни рўйхатдан ўтказиш учун Марказий сайлов комиссиясига тегишли ҳужжатларни тақдим этади.

Маълумки, Марказий сайлов комиссияси томонидан 2019 йил 20 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови бўйича сайлов кампанияси бошланишини эълон қилиш тўғрисида 944-сон қарор қабул қилинди ва шу кундан бошлаб сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинди.

Шу муносабат билан, мамлакатимиз сиёсий майдонида фаолият олиб бораётган бешта сиёсий партиялар раҳбарлари ўз ваколатли вакилларини тайинлаб, уларни рўйхатдан ўтказиш учун Марказий сайлов комиссиясига мурожаат қилди ва тегишли ҳужжатларни тақдим этди.

Марказий сайлов комиссияси Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси раҳбарлари тавсия этган ваколатли вакилларга тегишли хужжатларни кўриб чиқиб, ваколатли вакилларни рўйхатга олиш ҳамда уларга белгиланган шаклдаги гувоҳнома (мандат)ни бериш ҳақида қарор қабул қилди.

Сайлов кодексига асосан сиёсий партия ўзининг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи камида 40 000 сайловчининг имзосини тўплаган тақдирдагина депутатликка номзодлар кўрсатиши мумкинлиги ва имзо варақаларининг бланкалари сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилингандан кейин Марказий сайлов комиссияси томонидан берилиши белгиланган.

Юқоридагиларга асосан тадбирда Марказий сайлов комиссияси томонидан сиёсий партияларнинг ваколатли вакилларига уларнинг рўйхатга олинганлиги ҳақидаги гувоҳномалар ҳамда сайловчиларнинг имзоларини тўплашлари учун белгиланган намунадаги имзо варақалари топширилди.

 

Марказий сайлов комиссияси 
Ахборот хизмати