2019 йил 27 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси билан Ўзбекистон Ногиронлар жамияти, Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти ва Ўзбекистон Карлар жамияти ўртасида икки томонлама келишувлар имзоланди.
Бундан кўзланган асосий мақсад - Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига шу йил 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловлар жараёнида ногиронлиги бўлган шахсларни бирлаштирган жамиятлар билан ҳамкорликни янада кучайтиришдан иборат.
Мамлакатимизда барча фуқароларнинг, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлашнинг ҳуқуқий-ташкилий асосларлари ва самарали механизмлари умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартлар асосида шакллантирилган.
Бу жорий йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексида ҳам мустаҳкамланган. Сайлов кодексида ногиронлиги бўлган фуқаролар ўзининг барча конституциявий ҳуқуқларини, жумладан сайлов ҳуқуқини бошқа фуқаролар билан тенг ва эркин амалга ошириши учун зарур шароит ҳамда имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратилган.
Битимларни имзолашга бағишланган тадбирда такидланганидек, Марказий сайлов комиссияси сайловларга тайёргарлик жараёнида ногиронлиги бўлган фуқароларнинг алоҳида эҳтиёжларига ҳамиша жиддий эътибор қаратиб келади.
Айни пайтда сайлов участкалари биносини ва овоз бериш хоналарини танлаш ва жиҳозлашда Ўзбекистон Республикаси сайлов қонунчилигида белгиланган барча шарт-шароитларни, хусусан участка сайлов комиссиясининг жойлашган ери ногиронлиги бўлган сайловчиларнинг овоз бериш жойига келиб-кетиши, бинога кириб-чиқиши, бино ичида ҳаракатланиши, эркин ва тўсиқларсиз овоз бериши учун ҳар томонлама қулай шароитлар яратиш ишлари олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, овоз бериш хоналарига олиб борувчи кўрсаткичлар кўринарли жойга ўрнатилиши, участка сайлов комиссияси биносида сайлов куни малакали тиббиёт ходимларининг навбатчилиги ташкил этилишига ҳам эътибор қаратилади.
Депутатликка номзоди кўрсатилган ижтимоий фаол ногиронлиги бўлган шахслар ўз сайловолди дастурини тузиши ва уни сайловчилар ўртасида тарғиб қилишида ҳар томонлама кўмаклашилади.
Тадбирда Марказий сайлов комиссияси билан мазкур жамиятлар ўртасида имзоланган келишувлар ногиронлиги бўлган сайловчиларнинг сайлов ҳуқуқларини самарали таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати