Яқинда Марказий сайлов комиссияси томонидан сиёсий партияларнинг ваколатли вакилларига тегишли гувоҳномалар топширилди. Ваколатли вакил ким? У қандай вазифаларни амалга оширади? Умуман олганда, ваколатли вакиллар сайловлар жараёнида қандай ўрин тутади?
Илҳом ТЎРАЕВ,
Бахмал тумани.
Баҳодиржон ЮНУСОВ, Марказий сайлов комиссияси аъзоси:
— Бу ҳақда Ўзбекистон Сайлов кодексида алоҳида модда киритилган. Жумладан, унинг 34-моддасига мувофиқ, сиёсий партия сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш учун ваколатли вакил тайинлайди. Сиёсий партия томонидан ваколатли вакил тайинлаш масаласи икки босқичда рўёбга чиқарилади.
Биринчи босқичда, сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишини белгиланган қоидалар асосида амалга ошириш билан боғлиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси билан муносабатларни олиб бориш учун ваколатли вакил тайинланади.
Марказий сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда иштирок этиш учун сиёсий партия юқори органининг раҳбари сайлов кампанияси бошланганлиги расман эълон қилинган кундан бошлаб беш кунлик муддатда ўз ваколатли вакилини тайинлайди ҳамда уни рўйхатдан ўтказиш учун Марказий сайлов комиссиясига тегишли ҳужжатларни тақдим этади.
Марказий сайлов комиссияси сиёсий партия томонидан тавсия этилган ваколатли вакилликка номзоднинг тегишли ҳужжатларни кўриб чиқиб, уч кунлик муддатда уни рўйхатга олади ва белгиланган шаклда гувоҳнома беради.
Иккинчи босқич бевосита ҳудудий партия органларидан тайинланадиган ваколатли вакил фаолияти билан боғлиқ. Бундай ваколатли вакил сайлов участкасида иш олиб боради.
Яъни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партиянинг ҳудудий органлари сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш учун сайлов участкалари тузилган кундан эътиборан ўз ваколатли вакилларини тайинлайди.
Айрим ҳолларда ваколатли вакилга гувоҳнома бериш рад этилиши мумкин. Жумладан, ваколатли вакилликка номзод 18 ёшга тўлмаган бўлса ёки Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаса, сайловга ўн беш кундан кам муддат қолганда мурожаат этилса, тегишли ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаса, гувоҳнома бериш рад этилиши мумкин.
Сиёсий партиянинг ваколатли вакили сайлов комиссиясининг мажлисларида, сайлов комиссияларига ҳужжатларни, шу жумладан тўпланган имзо варақаларини топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этишга, участка сайлов комиссиясининг баённомаси билан танишиш, шу жумладан участка сайлов комиссияси баённомасининг тасдиқланган кўчирма нусхасини олишга ҳақли.
Cиёсий партиянинг ваколатли вакили участка сайлов комиссиясининг хатти-ҳаракати ва қарори устидан қонунда белгиланган тартибда шу сайлов комиссиясига ёки юқори сайлов комиссиясига ёхуд судга шикоят қилиши мумкин. Cиёсий партия ваколатли вакилининг ваколат муддати сайлов якунлари тўғрисидаги ахборот матбуотда эълон қилинган кундан эътиборан тугаган ҳисобланади.
Мазкур институтнинг сайлов кампанияси даврида фаол иш олиб бориши сайловларнинг ошкоралиги, адолатлилиги ва қонунунийлигини таъминлашга ҳамда сайлов комиссиялари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишга хизмат қилади.
Юнус БЎРОНОВ
(“Халқ сўзи”) ёзиб олди.